Реконструкция натижасида учиб келиш зали 2100 метр квадратга кенгайди, қўшимча юк лентаси ўрнатилди, 120 ўринли кутиш майдони ва шунча ўринли автотураргоҳ ташкил этилди. Шунингдек, такси, шахсий автомобил ва автобуслар учун алоҳида йўлак барпо этилди — унда тўхташ вақти 10 дақиқани ташкил этади.
«Uzbekistan Airports» АЖ маълумотларига кўра, терминал фаолиятини тўхтатмасдан иш олиб бориш мақсадида реконструкция ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Об-ҳаво ва кунлик 200 та рейсга қарамасдан, қурилиш узлуксиз давом этган. Чап қанотни реконструкция қилиш ишлари эса эртанги кундан бошланади.
Лойиҳанинг иккинчи босқичи 2025 йил охиригача якунланиши режалаштирилган бўлиб, унда янги юк ташиш камарлари, кафелар ва дўконлар жойлаштириладиган кутиш майдонини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Якуний босқичда эса келиш ва жўнаш заллари ягона терминал мажмуасига бирлаштирилади.
Барча ишлар якунлангач, терминалнинг умумий майдони 10 000 метр квадратдан ошиб, соатига 2400 йўловчига хизмат кўрсата оладиган даражага етиши кутилмоқда.