Транспорт воситаларини баҳолашнинг тартиби янгиланмоқда

11.06.2025 18:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Энди транспорт воситаларининг қиймати ягона стандарт асосида аниқланади. Янгиланган тартиб, жумладан, шикастланган автомобилларнинг бозор қийматини аниқлаш усулларини ҳам ўз ичига олади.

Avtotransport

2025 йил 5 июнда Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарининг буйруғига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий баҳолаш стандартига муҳим ўзгартишлар киритилди. Мазкур ҳужжат 9 июндан бошлаб кучга кирган.

Энг асосий янгилик — Ягона миллий баҳолаш стандартига киритилган ва транспорт воситаларининг қийматини баҳолашга бағишланган янги 15-сон МБС бўлими киритилгани бўлди. Бу бўлим, хусусан, шикастланган автомобилларнинг қийматини баҳолашда уларни таъмирлаш харажатлари, етказилган зарар миқдори ва товар қийматининг йўқотилишини ҳисобга олиш тартибини белгилайди, деб ёзмоқда Norma.uz.

Унга кўра, баҳоловчи транспорт воситаси тўғрисидаги ахборотларни буюртмачи, кузатув жараёни ва учинчи шахслардан олган маълумотлар асосида тўплайди. Шунингдек, интернет ва оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар ҳам ҳисобга олинади.

Баҳолаш жараёнида учта ёндашувдан бири қўлланилади: қиёсий, даромад ёки харажат ёндашуви. Қиёсий ёндашув аналог объектлар билан таққослашга асосланса, даромад ёндашуви келгусидаги даромадлардан баҳолаш қийматини аниқлашни назарда тутади. Харажат ёндашуви эса транспорт воситасининг такрорий ишлаб чиқариш қийматидан умумий эскиришни чиқариб ташлаш усулига таянади.

Шу тариқа, транспорт воситаларини баҳолаш жараёнида шаффофлик, стандартлаштириш ва бозор қийматини холис аниқлашни таъминлаш мақсад қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда кўчмас мулк объектлари савдоси тартиби ўзгартирилаётгани маълум қилинган эди.