«Хорижий инвесторлар билан амалий шериклик кенгайтирилади» — Шавкат Мирзиёев

11.06.2025 18:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтган Хорижий инвесторлар кенгаши йиғилишида сармоядорлар билан очиқ мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Mirziyoyev

11 июн куни Халқаро конгресс марказида Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Meta, SpaceX, ACWA Power, Veon, Masdar ва бошқа йирик компаниялар ҳамда халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этди.

Президент Мирзиёев йиғилишни очар экан, яқинда бўлиб ўтган IV Тошкент инвестиция форумининг натижаларига тўхталди ва Кенгаш аъзоларининг Янги Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Унинг таъкидлашича, мамлакатдаги ислоҳотларга нисбатан халқаро ишонч кучаймоқда.

Ўтган йили ЕТТБ Ўзбекистонга қарийб 1 млрд доллар сармоя киритган. Шунингдек, хусусий сектор билан ҳамкорликдаги лойиҳалар ҳажми 1 млрд доллардан ошган. Масдар, Total Energies, Linde каби компаниялар томонидан 8 млрд долларлик «яшил» лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.

DataVolt ва Veon каби технологик грандлар рақамли инфратузилма ва сунъий интеллект соҳаларида лойиҳалар бошлаган. Президент мамлакатда бизнес учун солиқ ставкалари 2028 йилгача ўзгармаслигини эълон қилди.

Сўнгги икки йилда хорижий капитал иштирокида 5,5 мингта янги корхона ташкил этилган бўлиб, уларнинг умумий сони 16 мингтага етди. Йиғилишга тайёргарлик доирасида 40 дан зиёд янги ташаббуслар кўриб чиқилган.

Йил давомида 4,5 млрд долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бошланган. Қонунчиликни тубдан такомиллаштириш, корпоратив бошқарувни яхшилаш ва халқаро стандартларга мослаш учун ишчи гуруҳлар тузилади.

Йиғилишда Кенгаш котибиятини мустақил юридик шахс сифатида қайта ташкил этиш таклифи ҳам билдирилди. Президент барча ташаббуслар бўйича амалий йўл хариталарини тайёрлаш ва ижросини назорат қилишни топширди.