Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш учун ЕТТБ 1,1 млрд евро ажратади

11.06.2025 20:45 | 2 дақиқада ўқилади.

11 июн куни Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одил Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашув Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи мажлиси арафасида ташкил этилди.

Yevropa bank

Томонлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди. ЕТТБ Ўзбекистондаги лойиҳаларга жалб қилган сармоялар ҳажми 5,5 млрд евродан ошгани маълум қилинди. 2025 йилда яна 1,1 млрд евро жалб қилиниши режалаштирилган, ундан катта қисми хусусий секторни ривожлантиришга йўналтирилади.

Мулоқот чоғида ЕТТБнинг банк соҳасини трансформация қилишдаги амалий кўмаги, шунингдек, шериклик стратегиясининг самарали ижроси алоҳида таъкидланди. Президент Мирзиёев ҳамкорликни янада кучайтириш учун устувор соҳаларни белгилаб ўтди.

Улар қаторида сув таъминоти тизимини янгилаш, энергия самарадорлигини ошириш, ипотека бозорини ривожлантириш, эркин иқтисодий зоналар инфратузилмасини яхшилаш ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар бор.

Шунингдек, таълим ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шерикликни кучайтириш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларга асосланган стартапларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар Хорижий инвесторлар кенгаши мажлиси доирасидаги ҳамкорликни амалий натижаларга йўналтиришга келишиб олишди.