Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 18-пакети доирасида янги чекловлар жорий қилишни режалаштирмоқда. Урсула фон дер Ляйен маълум қилишича, ушбу чоралар орасида Россия нефтидан қайта ишланган барча нефт маҳсулотларининг импортини тақиқлаш ҳам бор.
Россиядан тўғридан тўғри нефт импорти 2023 йил февралдан бери тақиқланган бўлса-да, ҳозирча бошқа давлатларда қайта ишланган ёқилғи маҳсулотлари орқали Россия нефт маҳсулотлари Европа бозорига кириб келмоқда. Масалан, Ҳиндистон ва Туркиядан келаётган дизел ёки бошқа маҳсулотлар асосан россия нефтасига таянади.
Ушбу орқа эшик усулини ёпиш учун Еврокомиссия нафақат қайта ишланган маҳсулотлар импортини чеклаш, балки нефт учун нарх чегарасини ҳам туширишни таклиф қилмоқда — ҳар баррели учун 60 доллар ўрнига 45 доллар. Бу эса Россия экспорт даромадларига жиддий зарба бўлиши мумкин.
Айни пайтда, Ҳиндистондаги йирик нефтни қайта ишлаш заводи — Nayara Energy’нинг 49 фоизи улуши «Роснефт»га тегишли. Туркия эса қайта ишлаш қувватига эга бўлмаган ҳолда ҳам Россиядан нефт маҳсулотлари олиб, уларни Европага экспорт қилишни анча кенгайтирган.
Сўнгги ҳисоботларга кўра, Туркия 2023 йил бошидан 2024 йилгача Россия нефт маҳсулотларини 17,6 млрд еврогача импорт қилган — бу ўтган йилга нисбатан 105 фоизга кўпроқ. Шу даврда унинг Европа Иттифоқига ёқилғи экспорти ҳам 107 фоизга ошган. Бу ҳолат, таҳлилчилар фикрича, санкцияларнинг самарадорлигига шубҳа туғдиради.
Европа бу галги тақиқ билан орқа эшикларни ҳам ёпиш ниятида. Лекин техник ва ҳуқуқий мураккабликлар ҳамон муҳим тўсиқ бўлиб қолмоқда.