Зеленский: Ғарб Россияга қарши санкцияларни ёшлар мобилизациясига боғлаяпти

11.06.2025 09:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Украина президенти Володимир Зеленский Ғарб мамлакатлари Россияга қарши янги санкциялар жорий этишни Украинада мобилизация ёшини 18 ёшга тушириш билан боғлаётганини маълум қилди.

Zelenskyy hu

Венгриянинг Valasz Online нашрига интервю берган Зеленскийнинг сўзларига кўра, айрим Ғарб давлатлари Россияга қарши радикал санкцияларни қабул қилишда Украинада ёшлар умумий сафарбарлиги амалга оширилмаётганини сабаб сифатида кўрсатмоқда. Президент эса бу ёндашувга қаршилигини билдириб, «урушда ҳал қилувчи омил инсонлар сони эмас, балки қурол ва технологиялар» эканини таъкидлади.

У сўзларида яқинда ўтказилган «Паутина» амалиётини мисол келтирди — у ерда Украина Россиянинг стратегик аэродромларида камида 10 та ядровий бомбардимончи самолётни йўқ қилган. Зеленскийнинг таъкидлашича, пул маблағлари ва халқаро босим ҳам уруш салоҳиятига таъсир кўрсатади ва санкциялар авваламбор агрессорнинг молиявий манбаларини нишонга олиши керак.

Шу билан бирга, Зеленский Украина ҳукумати 18–24 ёшли шахсларга ихтиёрий равишда бир йиллик контракт асосида фронтда хизмат қилишга рухсат берганини эслатди. Бу чора Ғарбнинг ёш бўйича талабларига жавоб сифатида қўлланган эди. Аммо шунга қарамай, президентнинг таъкидлашича, минглаб украин аскарлари фронтда ҳали ҳам етарли қурол-яроқсиз жанг қилмоқда.

Зеленский мобилизация ҳар қандай урушда оғриқли масала эканини тан олди. Унга кўра, Украина ҳар ойда армияни 27 минг кишига тўлдирмоқда, Россия эса бир ойда 40–50 минггача жангчи жалб қилмоқда.

У шунингдек, Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтиши ортидан Россиянинг Украина шаҳарларига зарбалари кучайганини таъкидлади. Зеленский АҚШ ва Ғарб давлатларини яна бир бор санкцияларни кучайтиришга чақирар экан, Путиннинг ўт очишни тўхтатишдан бош тортганини эсга солди. Гарчи Сенатда Россия нефти ва газига 500 фоизлик божлар ҳақида қонун лойиҳаси мавжуд бўлса-да, Трамп маъмурияти уни юмшатишга уринаётгани таъкидланди.