Сўнгги маълумотларга кўра, йиллик базавий инфляция 2,9 фоизга етди. Асосий ўсиш товарлар — айниқса, электроника ва кийим-кечак ҳисобидан юз берди. Масалан, май ойида аудиотехника нархи бир ойда 8,8 фоизга қимматлади. Шу билан бирга, хизматлар — авиа чипталар ва меҳмонхоналар нархи эса тушган.
Молия таҳлилчилари таъкидлашича, компаниялар импорт божлари билан боғлиқ харажатларни мижозлар зиммасига ўтказа бошламоқда. Walmart каби йирик чакана савдо тармоқлари аллақачон нархлар ошиши ҳақида маълум қилган. Айни пайтда бу таъсир июн ойида янада кучайиши мумкин, чунки омборлардаги эски захиралар тугайди.
Федерал захира тизими (ФРС) эса яқинда бўладиган йиғилишда фоиз ставкасини ошириши эҳтимоли кам. Жером Пауэллнинг таъкидлашича, ҳозирча иқтисодий сиёсатнинг оқибатларини баҳолаш учун вақт бор. Аммо агар божлар сақланса, инфляция янада жадаллашиши мумкин.