Бирлашган Араб Амирликлари сунъий интеллект (СИ) фанини болалар боғчасидан бошлаб мактаб таълимида мажбурий равишда ўқитишни бошлайди. Бу ҳақда мамлакат вице-президенти ва бош вазири шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур ташаббус БААнинг узоқ муддатли технологик стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.
Шайх Муҳаммад ёшларни нафақат СИ технологияларининг техник жиҳатлари билан таништириш, балки уларда этик тушунчаларни ҳам шакллантириш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, болалар маълумотлар, алгоритмлар, уларнинг жамият ва кундалик ҳаётга таъсири ҳақида ҳам билим олишлари керак.
Khaleej Times нашрининг ёзишича, БАА таълим вазири Сара бинт Юсуф Ол Амирий ушбу янги дастур сунъий интеллектнинг асослари, маълумотлар ва алгоритмлар билан ишлаш, дастурий таъминот қўлланилиши, этика, амалиётдаги технологиялар, инновациялар, СИ орқали лойиҳалаш, СИ сиёсати ва жамиятдаги иштироқ каби йўналишларни қамраб олишини маълум қилди.
Вазир таъкидлашича, ўқитувчилар тўлиқ методик қўллаб-қувватлашга эга бўлади — уларга дарс режалари, шаблонлар ва адаптацияга мос ўқув воситалари тақдим этилади.
Бу ташаббус ўтган йили Дубай валиаҳди шайх Ҳамдон бин Муҳаммад эълон қилган DUB.AI сунъий интеллект стратегияси доирасидаги қадамлардан бири бўлиб, педагоглар учун СИ технологиялари бўйича кенг кўламли малака ошириш дастурлари ҳам амалга оширилмоқда.