Бешта давлат исроиллик вазирларга қарши санкциялар жорий қилди

12.06.2025 11:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ғарбий соҳилдаги зўравонликка ундаш даъволари ортидан қатор давлатлар кескин чора кўрди.

Isroillik vazirllar

Буюк Британия, Австралия, Канада, Янги Зеландия ва Норвегия Исроил ҳукуматидаги икки вазир — молия вазири Бецалел Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда халқаро агентликлар 10 июнь куни хабар тарқатди.

Баёнотда таъкидланишича, мазкур қарор Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида фаластинликларга қарши зўравонликка ундаш ҳолатлари билан боғлиқ. Санкциялар ушбу вазирларнинг ҳаракатлари ва баёнотлари инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши сифатида баҳоланган.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган қўшма баёнотда айтилишича, беш давлат икки давлат ечимига содиқлигини қайд этган. Уларнинг фикрича, фаластинликлар ва исроилликлар хавфсизлиги ҳамда минтақада барқарорликни таъминлаш учун зўравонликка барҳам бериш зарур.

Муаллифлар Бен-Гвир ва Смотрични экстремистик зўравонликни тарғиб қилганликда айблаб, уларнинг риторикасини «даҳшатли ва хавфли» деб атади. Шунингдек, фаластинликларни мажбурий кўчириш ва янги аҳоли пунктлари қурилишини тарғиб қилишга қарши чиқишди.

Қўшма баёнотда Исроил ҳукуматидан халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларини бажариш ва экстремистик баёнотлардан воз кечиш талаб қилинган.