9 июн куни БАА вице-президенти ва бош вазири шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум Дубай метросининг янги «Кўк линияси» қурилишига старт берди. Бу ҳақда «Khaleej Times» нашри хабар берди. Янги йўналиш умумий 30 км узунликда бўлиб, шундан 15,5 км ер остида, 14,5 км эса ер устида жойлашади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 56 миллиард дирҳам этиб белгиланган. Йўналишдаги асосий бекатлардан бири — Emaar Properties Station — Dubai Creek Harbor ҳудудида қурилади. Бекат 11 минг метр квадрат майдонни эгаллаб, кунига 160 минггача йўловчини қабул қилиш имкониятига эга бўлади.
Янги бекатлар замонавий қулайликлар билан жиҳозланади: электроскутер ва велосипедлар учун майдонлар, такси ва автобус тўхташ жойлари ташкил этилади. Айниқса, Dubai Creek Harbor ҳудудидаги бекат шаҳарнинг йирик транспорт ва архитектура марказларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Дубай метроси Форс кўрфазидаги давлатлар орасида биринчи ва дунёдаги энг узун, тўлиқ автоматлаштирилган, ҳайдовчисиз тезюрар поездлар тизими ҳисобланади. У ҳар ой 5 миллионга яқин сайёҳ ва маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатади.
«Кўк линия» 2029 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Шу билан Дубай метросининг умумий узунлиги 131 кмга, бекатлар сони эса 78 тага етказилади. Янгиланган тармоқ ҳар куни 320 минггача йўловчига хизмат кўрсатиши ва шаҳар транспорт алоқаларини анча яхшилаши кутилмоқда.