АҚШ Мудофаа вазирлиги Яқин Шарқдаги ўз ҳарбий кучларини олий даражадаги тайёргарлик ҳолатига келтирди. Ядровий музокараларнинг муваффақиятсиз якунланиши ва зиддиятнинг кескинлашуви туфайли Вашингтон шошилинч чоралар кўрмоқда.
АҚШ расмийларига кўра, асосий эътибор Форс кўрфази ва унинг атрофидаги сув ҳудудларига қаратилган. Ироқдаги АҚШ элчихонаси ходимларини эвакуация қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бағдоддаги элчихона хавфсизлик таҳдидлари юзага келгани ва душман гуруҳлардан хатар туғилганини айтмоқда.
Манамада жойлашган АҚШнинг 5-флоти асосий базаси ҳамда Қатардаги Ал-Удейд авиабазаси олий даражадаги ҳарбий тайёргарликка ўтказилди. Ушбу базалар АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий ва логистика таянчи ҳисобланади.
Шу билан бирга Туркия ҳудуди устидан узоқ масофали радиолокация кузатув самолётлари учирилди. Бу Америка разведкасига берилган муҳим сигнал сифатида баҳоланмоқда. Ҳаракат Яқин Шарқда кузатилаётган таҳдидларни доимий мониторинг қилишга қаратилган.
Шунингдек, Буюк Британия бошчилигидаги UKMTO халқаро савдо кемаларига Форс кўрфази, Уммон кўрфази ва Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишда эҳтиёткорликни кучайтиришни тавсия қилган. Бу эса минтақада тўқнашув хавфи юқорилаганини кўрсатади.
The Washington Post нашрининг ёзишича, Исроил ҳукумати АҚШ маъмуриятини Эрон ядровий дастурига қарши ҳарбий зарба беришга тайёр эканлиги ҳақида расман хабардор қилган. Маълумотга кўра, бу қарор Исроил томонидан Эроннинг ядровий имкониятларини тўхтатишга қаратилган қатъий сиёсатнинг бир қисми ҳисобланади.
Америка разведка хизматлари ҳам сўнгги ҳафталарда шунга ўхшаш хулосага келган: Исроил Эрон ядровий инфратузилмасини ҳарбий йўл билан бартараф этиш ниятида. Бундай сценарийда минтақада кескин ҳарбий зиддият юзага келиш эҳтимоли юқори.
Бу маълумотларга жавобан New York Times Эрон расмийсига таяниб хабар бердики, Эрон юзлаб баллистик ракеталарни ўз ичига олган жавоб зарбаси режасини тайёрлаган. Агар Исроил ҳужум қилса, бу ракета зарбалари Исроил ҳудудидаги ҳарбий ва стратегик объектларга қаратилган бўлади.
Эрон мудофаа вазири уруш бошланса, Америка барча базаларига зарба берилишини, бунинг оқибатида АҚШ минтақани тарк этишга мажбур бўлишини баён этди. Унинг сўзларига кўра, яқинда икки тоннали каллакка эга ракета синовдан ўтказилган.