Ҳиндистондаги авиаҳалокат ортидан Boeing акциялари кескин қулади

19:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Air India’га тегишли Boeing 787 самолёти ҳалокати ортидан компания акциялари 8 фоизга тушиб кетди. Бу ушбу турдаги самолёт учун биринчи ҳалокат ҳисобланади.

Dreamliner crush

Америкадаги йирик самолёт ишлаб чиқарувчи Boeing компаниясига тегишли 787 турдаги самолёт Ҳиндистоннинг Ахмадабод шаҳридан Лондонга йўл олган пайтида ҳалокатга учради. Самолётда 242 киши бўлган ва у аэропорт яқинида ерга қулаган. Бу мазкур турдаги самолёт учун илк ҳалокат сифатида қайд этилди.

Шоҳидлар томонидан олинган видеокадрларда самолётнинг икки муҳарриги ҳам ишдан чиққанлиги кўринади. Ҳалокат сабаблари ҳозирча расман эълон қилинмаган бўлса-да, айрим техник носозлик эҳтимоли юқори.

Бундай вазият инвесторларни хавотирга солди ва Boeing акциялари АҚШдаги биржа очилишидан аввал 8 фоизга пасайиб, $196,49 даражасига тушди. Бу компания акцияларининг 2024 йил майидан бери энг паст кўрсаткичи бўлди. General Electric — ушбу самолёт муҳаррикларини етказиб берувчи компания акциялари ҳам 5,5 фоизга арзонлашди.

Ҳалокат жойида 60 дан ортиқ жасад топилди. Самолёт яшаш хонадони устига қулаган ва қурбонлар орасида ётоқхонада бўлганлар ҳам бор. Ҳиндистон полицияси маълумотига кўра, ҳалокатдан тирик қолганлар йўқ. Бош вазир Нарендра Моди бу фожиани «юракни титратувчи» деб баҳолади.

Ҳозирда Ҳиндистон фуқаро авиацияси бошқармаси (DGCA) терговни бошлади ва у Boeing мутахассислари иштирокида олиб борилмоқда. Бу воқеа компаниянинг сўнгги йиллардаги техник муаммоларига оид танқидларни янада кучайтириши мумкин.

Дарвоқе, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳалокатга учраган самолёт бортида Ўзбекистон фуқаролари бўлмаганини хабар берди. Президент Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонда юз берган ушбу фожеа муносабати билан ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига, яқинларига ва бутун Ҳиндистон халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этди.