Исроил Ғазо секторида ҲАМАС назоратидан мустақил равишда фаолият юритувчи Ёсир Абу-Шабоб раҳбарлигидаги фуқаролик қўшинларини қўллаб-қувватлаётгани маълум қилинди. Абу-Шабоб Рафаҳ шаҳридаги Тарабин қабиласига мансуб бадавий бўлиб, ҳозирда «Фаластин халқ кучлари» номли гуруҳни бошқармоқда.
8 июн куни у оммавий мурожаатида ҲАМАСни Ғазони тарк этишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, юзлаб норозилик намойишлари аҳоли норозилигининг очиқ ифодасидир. Унинг анклавига аллақачон юзлаб оилалар кўчиб ўтган.
2024 йилда ҲАМАС Абу-Шабобнинг акасига суиқасд уюштирган. Сиёсий таҳлилчи Филипп Фабиан бу ҳаракатни шахсий интиқом деб баҳолайди. Айрим исроиллик сиёсатчилар эса мазкур гуруҳ кейинчалик Исроилга қарши чиқиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
«Тинч коммуникация маркази» раҳбари Жозеф Брауде эса бу жараённи ижобий ўзгариш деб баҳолаб, ҲАМАСдан кейинги давр учун фуқаролик бошқаруви вужудга келаётганини таъкидлади.
Бироқ у АҚШ босими билан эҳтимолий Исроил–ҲАМАС сулҳи ана шундай жараёнларни тўхтатиб қўйиши мумкинлигини айтди. Чунки ҲАМАС ҳар қандай танаффусдан рақибларга қарши интиқом учун фойдаланади, деди у.