Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

12.06.2025 13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Марказий банки 12 июн кунги йиғилишида инфляцион босимлар сақланаётгани ва ички талаб юқори даражада эканини инобатга олган ҳолда асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолишга қарор қилди.

Markaziy bank 14

Марказий банкнинг маълум қилишича, сўнгги ойлардаги инфляцион жараёнлар ва ички истеъмол талабининг юқори даражада сақланиши инфляциянинг пасайиш траекториясидан юқори шаклланишига сабаб бўлмоқда. Май ойида умумий инфляция даражаси 8,7 фоизни ташкил этди, бироқ аҳоли ва бизнес субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳамон юқори.

Хизматлар соҳасидаги инфляциянинг тезлашиши ортидан базавий инфляция 8,5 фоизга етди. Шу билан бирга, энергия нархларининг ошиши орқали инфляцияга кўрсатилаётган иккиламчи таъсирлар ҳам ҳозирги босимларнинг узоқроқ давом этишига ишора қилмоқда.

Иқтисодда юқори фаоллик қайд этилмоқда: савдо ва хизматлар ҳажми, банклар орасидаги операциялар ва кўчмас мулк савдоси ўсишда давом этмоқда. Кредитлаш ҳажми ва бюджет харажатлари ҳам ички талабни кучайтирмоқда. Бу омиллар нархлар даражасига қўшимча босим сифатида баҳоланмоқда.

Жаҳон бозоридаги ноаниқликлар ва айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши келгуси ойларда ички инфляцияга таъсир ўтказиши мумкин. Шу билан бирга, экспорт товарлари нархининг юқори бўлиши ва траншекара пул ўтказмалари тушумлари валюта бозорида барқарорликни таъминламоқда.

Марказий банк ушбу шароитларда пул-кредит шароитидаги қатъийликни сақлаб қолган ҳолда, инфляциянинг ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга пасайишини таъминлашга интилмоқда. Агар инфляцион босимлар кутилганидан кўра кучлироқ бўлса, пул-кредит сиёсати қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Келгуси қарорни қабул қилиш бўйича навбатдаги йиғилиш 2025 йил 24 июл кунига белгиланган.