Бюджет маблағларининг сарфланиши кўп ҳолатларда жамоатчилик муҳокамасидан четда бўлиб ўтади. Аммо бу каби қарорлар ҳар гал жамоатчиликнинг муҳим саволини қайта қўзғайди: мамлакат маблағлари ҳақиқий эҳтиёжларга йўналмоқдами ёки «протокол харажатлар»гами?
Вилоятдаги захира жамғармаси – бу фақат кутилмаган ва фавқулодда ҳолатлар учун мўлжалланган, жамият эҳтиёжларини тезкор қоплаш воситаси ҳисобланади. Қонунчиликда ҳам бу жамғарма маблағларини қандай вазиятда ва қандай устуворликка кўра сарфлаш аниқ белгилаб қўйилган.
Ана шундай вазиятда, меҳмонлар ташрифидан сўнг икки ой ўтиб, қарздорликни қоплаш учун деярли ярим миллиард сўм ажратилиши – ўринлими? Бу нафақат самарадорлик нуқтаи назаридан, балки шаффофлик ва жавобгарлик масаласи ҳамдир. Очиғини айтганда, бир марталик ташриф учун бундай катта миқдордаги маблағни сарфлаш – бу аҳолининг кундалик эҳтиёжлари ва инфратузилмавий муаммоларига нисбатан беэътиборликни англатиши мумкин.
Ҳокимлар бюджетни тақсимлашга ҳақлими?
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонун ва Бюджет кодексига кўра, маҳаллий ҳокимлар маҳаллий бюджетни бошқариш ва унинг йўналишларини белгилаш ваколатига эга. Аммо бу ваколат мутлақ эмас.
Яъни ҳокимлар ҳар қандай маблағни ўз хоҳишига кўра сарфлай олмайди. Улар жамоат манфаатини ҳисобга олган ҳолда, шаффоф, аниқ, ҳисоботли ва қонуний ҳаракат қилиши шарт. Қарорда «Қабуллар уйи»нинг 23 апрелдаги хати асосида маблағ ажратилиши айтилади, лекин унда аник ҳисобот, харажатлар таркиби, реал натижа ва манфаатдорлик даражаси кўрсатилмаган.
Бу эса жамоатчилик назоратининг етишмаслигини, фуқароларнинг давлат маблағлари тўғрисидаги маълумотларга бўлган ҳуқуқи чекланаётганини англатади.
Муаллимга ойлик, ёшларга иш ўрни, маҳаллага сув керак эмасми?
437 миллион сўм – бу тақрибан:
200 нафар муаллимнинг бир ойлик маоши;
10 та болалар боғчасини таъмирлаш ёки аҳоли учун муҳим ҳисобланган янги сув иншооти, электр ускуналари, интернет инфратузилмаси.
Шу пайтда вилоятда ишсизлик, ижтимоий ҳимоясизлик, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги танқислик каби муаммолар кераклича ҳал этилмаган. Бу эса «қабуллар»га пул топилса-да, халқ эҳтиёжлари иккинчи даражага тушиб қолганини кўрсатади.