Octobank Humans’га қарши 500 млрд сўмлик даъво аризаси билан судга мурожаат қилди

12.06.2025 12:45 | 3 дақиқада ўқилади.

«Octobank» АЖ «Humans» МЧЖ билан ўзаро ҳисоб-китоблар ҳамда молиявий сервис доирасидаги барча операцияларни 2025 йил 13 июн куни соат 18:00 дан бошлаб тўхтатишини расман маълум қилди.

Octobank ofis

Банк бу қарорни «Humans» томонидан шартномавий мажбуриятларни мунтазам равишда бузиши ва хизматлар учун тўловларни кечиктириши билан изоҳламоқда.

Шу муносабат билан «Humans Visa» кобрендинг банк карталари бўйича операциялар тўхтатилади. «Octobank» мижозларга мурожаат қилиб, карталардаги пул маблағлари «Humans»нинг автоматлаштирилган ҳисоб тизимидаги шахсий ҳисобварағларга ўтказилганини ва уларни қайтариш учун «Humans»га тўғридан тўғри мурожаат қилиш зарурлигини эслатди.

2020 йилдан буён амал қилган ҳамкорлик шартномаси доирасида «Octobank» ўз мажбуриятларини бажарганини таъкидламоқда. Бироқ, «Humans» томонидан амалга оширилган клиринг операциялари бўйича банк маблағлари ўз вақтида қайтарилмаган ва банкка тегишли комиссия тўланмаган. Шунинг учун «Octobank» Тошкент туманлараро иқтисодий судига 500 млрд сўмдан ортиқ суммадаги қарз ва зарарни ундириш бўйича даъво аризаси киритди.

Кобренд карталар орқали амалга оширилган барча тўловлар ва ҳисоб-китоблар «Humans»нинг мобил оператор сифатидаги хизматлар тузилмаси орқали амалга оширилган бўлиб, картадаги маблағлар шахсий ҳисобварағларда сақланади. Бу маблағларни банк эмас, балки «Humans» бошқаради, дея хабар берган «Octobank» ўз баёнотида.

Банк, қолаверса, амалдаги қонунчиликка риоя қилган ҳолда фаолиятни тўхтатиш жараёнини амалга оширмоқда.

Аввалроқ Humans карталари билан боғлиқ вазиятга Octobank томонидан батафсил тушунтириш берилган эди.