Тошкент халқаро инвестиция форумининг учинчи кунида «Транспорт инфратузилмаси: Ипак йўлининг замонавий йўналишлари» мавзусида сессия бўлиб ўтди. Тадбирда минтақавий транспорт тизимларини модернизация қилиш, логистика имкониятларини ошириш ва хорижий сармояларни жалб этиш масалалари кўриб чиқилди.
Экспертлар Ипак йўлининг янги концепцияси ва «яшил транспорт» тамойиллари асосида шаклланаётган стратегияни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев 2016 йилдан буён соҳада тўлиқ трансформация бошланганини таъкидлади. Унинг айтишича, Ўзбекистон барча транспорт йўналишларида «яшил» ечимлар сари ҳаракат қилмоқда. 2025 йил охиригача темир йўлларни тўлиқ электрлаштириш режалаштирилган.
Чориев авиация соҳасида ҳам юқори ўсиш қайд этилганини маълум қилди. 2024 йилда Ўзбекистон авиация соҳасида 38 фоизлик ўсиш билан жаҳонда биринчи ўринни эгаллади. Шу муносабат билан Тошкентда янги халқаро аэропорт лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. У бутун Марказий Осиё учун стратегик аҳамиятга эга.
Сессияда Европа ва Осиё тараққиёт банклари, Boeing ва EGIS каби йирик компаниялар вакиллари иштирок этиб, мавжуд лойиҳалар ва янги ташаббуслар ҳақида маълумот берди. Улар Марказий Осиёнинг географик ва иқтисодий афзалликларини қайд этиб, инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Европа инвестиция банки Самарқандда ўз ваколатхонасини очишга қарор қилган бўлса, Осиё тараққиёт банки 12 млрд доллар сармоядан 3 млрд долларни йўл ва темир йўл инфратузилмасига йўналтирган. Boeing вакиллари эса Ўзбекистон халқаро парвозлар салоҳиятини кенгайтиришга ҳисса қўшмоқда.