Президент томонидан 2025 йил 9 июн куни имзоланган ЎРҚ-1067-сонли қонунга мувофиқ, айрим қонун ҳужжатларига фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ҳамда судлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ўзгаришлар Конституциянинг янги таҳририда белгиланган тамойилларга мувофиқлаштириш мақсадини кўзлайди.
Жиноят-процессуал кодексига киритилган асосий ўзгаришлардан бири — айбдорликка оид барча шубҳаларни гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал этиш талабининг мустаҳкамланишидир. Шу билан бирга, қонун қўлланилаётганда юзага келадиган ҳуқуқий ноаниқликлар ҳам айбланувчи фойдасига талқин қилиниши керак.
Қонунга кўра, гумон қилинувчи шахс ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас. У ҳар қандай пайтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланишга ҳақли ҳисобланади.
Шунингдек, агар шахснинг айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у ҳолда бу факт уни айбдор деб топиш ёки жазога тортиш учун етарли асос бўла олмайди.
Ушбу меъёрлар инсон ҳуқуқларини устувор деб билган Конституция тамойилларини амалиётда таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимида адолатни мустаҳкамлашга қаратилган.