Ўзбекистонда таксичиларнинг бошқа ҳудудларда ишлаши тақиқланмоқда: фаолларга кўра бу конституцияга зид

12.06.2025 12:30 | 11 дақиқада ўқилади.

Ҳайдовчилар ўз транспорт воситасига авторақам берилган ҳудуддагина таксичилик қилиши мумкинли ижимоий тармоқларда катта муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий фикр фаоллари жорий қилинган янги тартиб-қоидани Конституцияга зид деб баҳолашмоқда.

Taxi tashkent

Журналист ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, аввал бундай қоида бўлмаган. 2011 йил 18 майдаги 139-сонли қароорга кўра, ҳайдовчи йўловчиларни йўналишсиз таксида ташишни лицензия карточкасида белгиланган ҳудудда олиб бориши белгиланган эди. Яъни, Қашқадарё ёки Намангандан келиб, лицензия олувчи ҳайдовчи лицензия карточкасида «Тошкент шаҳри», деб кўрсатса, у бемалол Тошкент шаҳрида таксичилик қила олар эди.

2011 йилги қарорда ҳайдовчиларга лицензия беришда автомобил рақамининг ҳудудий кодига қаралиши тартиби ҳам бўлмаган.

Ушбу қоида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 апрелдаги янги қарорида акс этган. Аслида қоида 2 апрелдан бошлаб қоида кучга кирган. Бироқ Низомдаги кичик бир банд бўлгани сабабли кўпчиликнинг эътиборидан қолган. Мана энди таксичилар амалиётда муаммога дуч келишни бошлагандан кейин маълум бўлиб қолди.

«Бундай қарор қабул қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар бир йилдан буён айтиб келамиз. Афсуски, масъуллар бу ҳақдаги «аҳмоқона ғояни» ими-жимида қабул қилиб юборишибди, деб ёзади Хушнуж Худойбердиев.

 

Энди нима бўлади? — деб савол қўяди журналист ўз постида ва қарор келтириб чиқарадиган муқаррар хатарлар ва қийинчиликларнинг айримларини санаб ўтади:

«Биринчидан, энди Тошкентда таксилар қиммат бўлади;

Иккинчидан, 2 дақиқада келадиган такси 10 ёки 20 дақиқада келишни бошлайди, чунки қонуний таксичилар сони кескин камаяди;

Учинчидан, энди вилоятликлар ноқонуний таксичилик қилишга ўтади. Кўчаларда қўл кўтариб турганлар кўпайишни бошлайди, яширин иқтисодиёт яна гуллаб, яшнайди;

Тўртинчидан, энди қонуний ишламоқчи бўлган вилоятликлар ноилож ўз номидаги машинани Тошкент пропискаси бор бирор танишининг номига ўтказишга, ўзи эса «бош ишонч қоғози» (гендоверенность) орқали юришга мажур бўлади. Натижада, мулкий низоларнинг янги тўлқини бошланади, танишига ишониб, ўз машинасидан айрилиб қолган юртдошларимиз кўпайишни бошлайди.

Масъуллар ўйлаганидек, бу қарор орқали Тошкентда тирбандликлар камайиб қолмайди. Ҳамма ўз вилоятига қайтиб кетмайди (иш йўқ жойда нима бор?).

Энг асосийси ПРОПИСКА РЕЖИМИ расман қайтгани билан ҳаммани табриклайман! Қанчадан қанча «қон ютишлар» орқали бир амаллаб йўқотилган лаънати режим таксичилар мисолида яна ОРТГА ҚАЙТИБДИ! Конституцияга зид бўлса ҳам, барибир шу қарорни қабул қилишибди. Эҳ, прописка режими бекор қилингани Янги Ўзбекистондаги энг катта ютуқлардан бири сифатида эътироф этилган эди-я… Бунча тез ортга қайтамиз, деб ўйламагандим.

Таксичилар — бу бошланиши! Эртага вилоятлик сартарош ўзини вилоятида сочини олсин, дейишади; вилоятлик новвой ўзини вилоятида нон ёпсин, дейишади; вилоятлик ходимлар ўзини вилоятида ишласин, дейишади. Йўқ, унақа бўлмайди, демоқчимисиз? Мен унча шошмаган бўлардим. Мана, таксида қилишди-ку… Ахир бу факт-ку?!», деб ёзган Х.Худойбердиев.

 

Бунақаси ўтган ёмон замондаям бўлмаган, деб ёзмоқда иқтисодчи Отабек Бакиров.

Дарё нашри билан суҳбатда бўлган Транспорт вазирлиги вакилининг «бу тартиб кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолмаган, аввалдан бўлган», қабилидаги оқлови умуман асоссиз. Чунки ҳукуматнинг 2011 йил 18 майдаги 139-сонли қарорида бундай норма мавжуд бўлмаган.

«Лицензия варақасида кўрсатилган ҳудуд автотранспорт воситасига берилган давлат рақами белгиларининг ҳудудий кодларидан келиб чиқиб аниқланади» талаби, яъни ҳайдовчининг ўз ҳудудида, яъни лицензия карточкасида кўрсатилган ҳудудда фаолият олиб бориши  ҳукуматнинг 2025 йил 2 апрелдаги 200-сонли қарори билан қўшилган.

Қарор муҳокамага қўйилмаган, нима учун бундай талаб киритилаётгани изоҳланмаган. Унинг оқибатлари ҳам ўйланмаган. Ўнминглаб одамларнинг нафратини қўзғайдиган бу қарорнинг лоббисти ким бўлганини ўзингиз учун тасаввур қилишингиз мумкин», деб ёзади Бакиров.

Бакиров бу масала юзасидан Конституцион судга мурожаат қилиш кераклигини таъкидлаган.

«Шахсан менинг фикримча, пойтахтда такси хизмати кўрсатишдан вилоятликларни четлатадиган ёки чекловни айланиб ўтиш учун қўшимча харажатга мажбурлайдиган бу расво талаб Конституция руҳи ва мундарижасига зид.

Конституцион судга мурожаат қилишнинг энг тез варианти сифатида парламент депутатлари орқали амалга оширилиши мумкин. Сиз нима деб ўйлайсиз, депутатлар орасида биронта мард чиқармикан?

Агарда вилоятлик таксистларнинг ҳуқуқи чекланишига кўз юмилса, эртага навбат вилоятлик новвойлар, вилоятлик ўқитувчилар ва ҳаммамизга етиб боради. Биз ўтган ёмон замонда бир кечада уйғониб туриб, 2016 йилга келиб қолмаганмиз», дейди Бакиров.

 

Иқтисодчи Бекзод Ҳошимов Тошкентдаги тирбандликлар масаласини хато йўл билан ечишмоқчи, деган фикрда.

«Муаммо талабда, таклифда эмас. Тошкентда кўп автомобилларга талаб бор, кўп одамлар эса бу талабни қондиради. Бу масалани тўғри ечимлари бор — пуллик парковка, жамоат транспортига сармоя, балки кўчалардаги ҳаракатланиш айрим вақтларда пуллик бўлиши мумкин. Белгиланган чорада эса — масала худди фақат таклифдадек туюляпти.

Қайсидир мамлакатда, автомобил номерлари тоқ рақам билан тугаса тоқ кунларда, жуфт рақам бўлса жуфт кунларда ҳаракатланишга рухсат беришган эди. Натижада, автомобиллар сони қарйиб икки карра ошган. Бу лойиҳани ҳам айланиб ўтишади, сал-пал ҳақлар поймол қилинади, қонунийлика нисбатан беҳурматлик ошади, лекин таксилар йўқ бўлиб қолмайди.

Иккинчи муҳим томони — қонунийлик масаласи. Конституциавий ва базавий инсон ҳуқуқлари. Агар қайсидир фаолият тури — одамни келиб чиқиши сабабидан бошқа вилоятларда ишлаши тақиқланса — инсонларнинг конституциавий ҳуқуқи масаласи кўтарилиши керак. Ўзбекистонликлар, Ўзбекистонни исталган худудида яшашга ва меҳнат қилишга бўлган ҳақлари чекланмаслиги керак, деб ўйлайман.

Яна бир ментал эксперимент: агар вилоятлараро чеклов тўғри деб ўйласангиз, нега унда туманлараро чеклов хато нарса деб ўйлайсиз?

Ўйлаб кўринг, Қашқадарёлик ҳайдовчи Тошкентда ишламаслигини оқлашга ишлатилган мантиқни юнусободлик ҳайдовчи Сергелида ишламаслигига ёки, чинозлик ҳайдовчи Янгийўлда ишлаши мумкин эмаслигига қўйиб кўринг. Аҳмоқона эшитилади-а? Бир республика ичидаги чекловлар ҳам худди шундай эшитилади. Улар мантиқсиз!» — деб ёўзган Ҳошимов.