Ўзбекистонда Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарилади

12.06.2025 15:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Германиянинг йирик автоконцерни «Volkswagen» «Ўзавтосаноат» таркибидаги «Alyans Auto» билан ҳамкорликда Ўзбекистонда автомобиллар ишлаб чиқаришни бошлашини маълум қилди.

Volkswagen

Бу ҳақда «Volkswagen»нинг савдо ва маркетинг бўйича раҳбари Мартин Сандер LinkedIn’да хабар берди.

Янги келишувга кўра, Ўзбекистонда SKD форматида — яъни, бутловчи қисмларни йирик узеллар асосида йиғиш технологияси бўйича автомобиллар ишлаб чиқарилади. Таркибий қисмлар «Volkswagen»нинг Хитойдаги ишлаб чиқариш базасидан етказиб берилади. Бу компанияга логистика харажатларини қисқартириш ва углерод изини камайтириш имконини беради.

Сандернинг таъкидлашича, Ўзбекистонда аҳоли сонининг ўсиши ва ўрта табақанинг талабчанлиги немис сифатли автомобилларига бўлган эҳтиёжни оширмоқда. «Бизда саккизта замонавий седан ва кенг салонли кроссоверлар мавжуд — айнан шундай машиналарни ўзбекистонлик харидор излаяпти», — деди у.

«Volkswagen» учун бу Ўзбекистон бозорига иккинчи марта кириш ҳисобланади. Аввал, 2020 йилда «Ўзавтосаноат» ва «Volkswagen Group Rus» Жиззах эркин иқтисодий зонасида енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича келишув имзолаган эди. Аммо компания Россия-Украина уруши ортидан Россия бозоридан чиқиб кетган ва ўша даврдан сўнг Ўзбекистондаги фаолияти секинлашган эди.

Айни пайтда «Alyans Auto» — «Volkswagen», «Skoda» ва «Jetta» брендларининг расмий дистрибьютори сифатида фаолият юритмоқда. Янги ҳамкорлик орқали «Volkswagen» Ўзбекистонда ўз мавқеини мустаҳкамлашни режалаштирмоқда.

 

SEO title:

Meta description: