2025 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон ҳудудида 4043 та қўшма ва 11 минг 964 та хорижий корхона фаолият юритмоқда.
Охирги беш йил ичида бу турдаги корхоналар сони 1,3 баробарга кўпайган. Аниқроқ айтганда, 2021 йилда 5848 та қўшма ва 6639 та хорижий корхона мавжуд бўлган бўлса, 2025 йилда улар мос равишда 4043 ва 11 минг 964 тага етган. Бу эса хорижий инвесторлар тобора кўпроқ алоҳида корхона сифатида иш бошлаётганини кўрсатади.
2022 йилда 6117 та қўшма ва 7760 та хорижий корхона қайд этилган бўлса, 2023 йилда қўшма корхоналар сони 5057 тага, хорижий корхоналар эса 7932 тага етган. 2024 йилга келиб эса қўшма корхоналар сони 4627 тага қисқарган, аммо хорижийлар сони 9851 тага етган.
Шу билан бирга, бу динамика Ўзбекистонда сармоялар оқимидаги тизимли ўзгаришни англатади — қўшма эмас, мустақил хорижий бизнеслар сони ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бу эса хорижий тадбиркорларнинг маҳаллий шерикларсиз ҳам мустақил равишда иш бошлаш имкониятлари кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Хусусан, 2025 йилда хорижий корхоналар улуши умумий кўрсаткичнинг 75 фоизидан ошиб кетган.