Россия президенти Владимир Путин 2027–2036 йилларга мўлжалланган давлат қуролланиш дастури лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича йиғилиш ўтказди. Унда Путин Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий-саноат мажмуасини қуролли кучлар, айниқса, қуруқлик қўшинлари салоҳиятини тез орада оширишга чақирди.
Россия президентининг таъкидлашича, қурол ишлаб чиқаришда шошилинч чоралар етарли эмас, энди эса узоқ муддатли, тўлиқ мослаштирилган ва сафарбарлик режаларига боғлиқ янги дастурни амалга ошириш зарур. У иқтисодиётнинг ҳарбий эҳтиёжлар билан узвий боғлиқ равишда ишлаши кераклигини таъкидлади.
Путин ядровий учликни алоҳида тилга олиб, уни Россия суверенитетининг асосий кафолатчиси деб атади. Шунингдек, янги қурол турлари учун инфратузилмалар — арсеналлар, базалар ва аэродромларни олдиндан тайёрлаш зарурлигини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Россия аввалги қуролланиш дастури доирасида 2012–2022 йилларда 20 трлн рубл сарфлаган эди. Унда минглаб самолёт ва вертолётлар, замонавий танклар, янги бомбардимончи учоқлар қуролли кучларга етказилиши керак эди. Аммо Украинага қарши урушда Россия армияси эски техника ва қоғоз хариталар билан ҳаракат қилган.
Россия бу ҳолатдан сўнг тезкор равишда қурол ишлаб чиқариш ҳажмини бир неча баравар оширди. 2025 йил бюджетига армия ва қуролланиш учун 13,2 трлн рубл ажратилган — бу мамлакат бюджети тарихидаги энг юқори кўрсаткич. Ҳарбий харажатлар умумий бюджетнинг деярли 30 фоизини ташкил этмоқда.
Жами 2022–2025 йиллар оралиғида Россиянинг ҳарбий харажатлари 35,5 трлн рублга тенглашган, бу ҳозирги курс бўйича тахминан 440 млрд долларни ташкил қилади.