Қўқонда «Ҳизб ут-Таҳрир»нинг яширин гуруҳи фош этилди

12.06.2025 12:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзолари қўлга олинди.

Kishan

Қўқон шаҳрида «Ҳизб ут-Таҳрир» экстремистик ташкилотига алоқадор яширин гуруҳ фаолияти Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида тўхтатилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, ушбу гуруҳни аввал ҳам «Ҳизб ут-Таҳрир» фаолияти учун жавобгарликка тортилган, озодликдан маҳрум этилган фуқаро тузган. У 1965–1971 йилларда туғилган тўрт киши билан бирга 2024–2025 йилларда Қўқон шаҳрида чойхона ва ошхоналарда йиғилишлар ўтказиб, диний экстремистик ғояларни тарқатиб келган.

Гуруҳ аъзолари Telegramʼдаги ёпиқ каналлар орқали «Ҳизб ут-Таҳрир» материалларини мунтазам тарзда ўргангани аниқланган.

Айни пайтда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 159, 244¹ ва 244²-моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, яқинда ДХХ томонидан ер участкаларини ноқонуний сотишга уринган фуқаролар ҳам қўлга олинган эди.