Қозоғистон Словакия энергетика бозорида Россия ўрнини эгаллашга тайёр

16:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Словакия билан энергетика ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш нияти борлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон нефт, газ ва уранни Словакияга экспорт қилишга тайёр.

Toqayev fico

Тўқаев ушбу баёнотини Словакия бош вазири Роберт Фицо билан учрашувдан сўнг билдирди. Унинг таъкидлашича, икки давлат ўртасида энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун катта салоҳият мавжуд.

Президент Қозоғистоннинг нафақат энергия манбалари, балки озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарлар экспортини ҳам кўзлаётганини қайд этди. Бу билан Қозоғистон Словакия бозорида Россиянинг анъанавий ўрнини босиб олишга интилмоқда.

Экспертларнинг фикрича, Қозоғистоннинг бу йўналишдаги ташаббуси Европа бозорларига янги экспорт йўналишларини очиш ҳамда минтақавий иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ҳозирча икки давлат ўртасида аниқ шартномалар эълон қилинмаган бўлса-да, расмийлар музокаралар давом этаётганини маълум қилмоқда.