11 июнь куни АҚШ Конгрессида ўтказилган эшитувларда республикачи сенаторлар мудофаа вазири Пит Ҳегсетни кескин танқид остига олишди. Танқидга сабаб — Трамп маъмуриятининг Украинадаги урушни Россия билан музокаралар орқали якунлашга уриниши бўлди. Бу ҳақда Politico нашри хабар берди.
Энг қатъий позицияни сенатор Митч Макконнелл эгаллади. У Хегсет номзодига аввал ҳам қарши чиққан эди. Мудофаа бюджети муҳокамаси давомида у Оқ уйнинг ташқи сиёсатига шубҳа билан ёндашди. «Америка обрўси хавф остида. Биз демократик иттифоқчиларни ҳимоя қилишга тайёрмизми?» — деб сўради у.
Макконнеллнинг таъкидлашича, Украина мағлубияти АҚШ дипломатиясининг ҳам мағлубиятига айланиши мумкин. «Агар бир кун келиб “Россия ғалаба қозонди, Америка ютқазди”, деган сарлавҳаларни кўрсак, бу фожиа бўлади», — деди сенатор.
Politicoʼнинг ёзишича, Ҳегсет ва Макконнелл ўртасидаги тортишув Республикачилар партияси ичидаги ташқи сиёсат бўйича жиддий ихтилофларни очиққа чиқарди. Макконнелл анъанавий глобал лидерлик ғоясини ҳимоя қилса, Ҳегсет Трампнинг “Аввало Америка” шиорига асосланган изоляционист ёндашувни намоён этди.
Ҳегсет Россияни агрессор деб тан олган бўлса-да, Украина ғалабасини хоҳлаш-хоҳламаслиги ҳақида аниқ жавоб бермади. У, шунингдек, Обама ва Байден маъмуриятларини Россияга нисбатан заиф сиёсатда айблаб, Қрим аннексияси ва уруш бошланиши айнан улар даврида содир бўлганини эслатди.
Эшитувда бошқа республикачи сенатор Линдси Грэҳэм ҳам иштирок этди. У Путин урушда ғалаба қозонса, экспансияни тўхтатишини сўроқ қилди. Генерал Дэн Кейн бунга рад жавоб берди, Ҳегсет эса «бу ҳали аниқ эмас», дея жавоб қайтарди.
SEO title:
Meta description: