Россия ички ишлар вазири фойдасиз мигрантларни мамлакатдан чиқаришни таклиф қилди

12.06.2025 17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия ички игшлар вазири Владимир Колоколцев ишсиз, ўқишдан чиқарилган ва рус тилини билмайдиган мигрантлар мамлакатни тарк этиши шартлигини билдирди.

Kolokoltsev

Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцев «жамиятга фойда келтирмаётган» мигрантлар Россияни тарк этиши кераклигини айтди. Унинг таъкидлашича, ишсиз, ўқишдан чиқарилган, дактилоскопиядан ўтмаган ёки рус тилини ўрганмаган хорижликлар Россия кўчаларида бўлмаслиги керак.

Унинг сўзларига кўра, жиноятчиликни олдини олиш ва айбдорларни жазолаш учун тизимли чоралар кўрилиши лозим. Шунингдек, миграция бўлимларида ҳужжатларни расмийлаштириш тез ва шаффоф амалга оширилиши зарур.

2024 йил баҳоридан Россияда миграция сиёсати қатъийлаштирилган. Ноқонуний мигрантлар бўйича махсус база жорий қилинган, болалар рус тили бўйича синовдан ўтказилмоқда, айрим ҳолатларда депортация ва кириш тақиқлари қўлланилмоқда.

Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари Россиядаги фуқароларига нисбатан босимлар юзага келаётганидан норозилик билдиришган. Масалан, Тожикистон Бош вазири россиялик расмийлар «бепарво ва ноаниқ сабаблар» билан депортация қилмоқда, деб баёнот берган.

Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ ҳам россиялик ҳокимиятлар томонидан юртимиз фуқароларига нисбатан текширувлар ва ҳурматсиз муносабат бўйича расмий нота билан мурожаат қилган эди. Россия томони эса нотани диққат билан кўриб чиқишини билдирган.