Россия Украина дрон зарбасидан сўнг стратегик самолётларни Узоқ Шарққа яширди

19:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Украина дронларининг чуқур ҳудудлардаги авиабазаларга уюштирган ҳужумидан сўнг, Россия стратегик бомбардимончи самолётларини мамлакат ичкарироғига ва Узоқ Шарқ ҳудудларига кўчирди. Бу хавфсизлик чораси сифатида баҳоланмоқда.

Strat aviacia

Россия армияси ўзининг стратегик авиация кучларини қайта жойлаштирмоқда. Бунга 1 июн куни Украина СБУ томонидан амалга оширилган «Паутина» операцияси сабаб бўлди. Мазкур ҳужумда Россия ҳудудидаги бир нечта ҳарбий аэродромларга дронлар орқали зарба берилди. Унда камида 12 та стратегик самолёт йўқ қилинган.

Спутник тасвирлари таҳлилига кўра, Белая (Иркутск) ва Оленя (Мурманск) аэродромларида жойлашган Ту-160 самолётлари ҳужумдан сўнг у ердан олиб кетилди. Улардан иккиси Анадир (Чукотка), учтаси Елизово (Камчатка), яна учтаси Борисоглебское (Татаристон) аэродромларига кўчирилди.

Мурманск яқинидаги базадан эса 11 та Ту-22М3 ва барча Ту-95МС самолётлари бошқа ҳудудларга кўчирилган. Улар орасида Амур, Саратов, Татаристон ва ҳатто Шимолий Осетиядаги кам фаолият кўрсатувчи Моздок аэродроми ҳам бор. Мақсад — Украина дронларининг яна бир ҳужуми хавфини камайтириш.

Британиядаги Қироллик Қўшма мудофаа тадқиқот институти мутахассиси Жастин Бронкнинг таъкидлашича, Москва ҳозир стратегик авиацияси хавфсизлигини таъминлаш учун доимий равишда уни ҳаракатлантиришга мажбур бўлади. Британия ҳарбий-ҳаво кучлари собиқ қўмондони Грег Бэгвелл эса буни янги реаллик деб атади.

Оқ уй ва НАТО манбаларига кўра, Россия ҳозирча бу ҳужумга жавобан умумий зарба бермаган бўлса-да, ракета ва дрон орқали Украина ҳудудларини ўққа тутишни кескин оширган. Украина эса барча учиш-қўниш йўлакларига ҳужум қилиш салоҳиятига эга эканини амалда кўрсатмоқда.