Россия Адлия вазири ўринбосари Елена Ардабйеванинг маълум қилишича, ҳукумат айрим жиноятлар учун жиноий жавобгарлик ёшини 16 ёшдан 14 ёшга тушириш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу таклиф Россия Бош прокуратураси томонидан берилган ва яқинда қонунчилик фаолияти бўйича комиссияда кўриб чиқилган. Ардабйева буни «мураккаб қарор», деб атади.
Россия Жиноят кодексининг 20-моддасига кўра, ҳозирда 14 ёшдан бошлаб фақат оғир жиноятлар: ўлдириш, зўрлаш, вандализм, терроризм, оммавий тартибсизликда иштирок каби жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган. Энди эса ҳарбий шон-шараф ёдгорликларини бузганлик каби қилмишлар ҳам ушбу рўйхатга қўшилиши мумкин. Ардабйеванинг таъкидлашича, 2022 йилдан буён шундай ёдгорликларни тахминан 370 марта ҳақорат қилиш ҳолати қайд этилган ва уларнинг аксарияти балоғатга етмаганлар томонидан содир этган.
11 июн куни Давлат Думаси давлатни ҳимоя қилишда ҳалок бўлганларнинг қабри ва ёдгорликларини ҳақорат қилганлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг маълум қилишича, 2024 йилда 14–17 ёшли 9,5 минг ўсмир жиноят ишлари бўйича фигурантга айланган. Уларнинг ярмидан кўпроғи моддий манфаат учун жиноят содир этган.
РФ ИИВ маълумотларига кўра, ўтган йили 21 мингдан зиёд балоғатга етмаганлар қонун бузган, шундан 15,5 минг нафари мактаб ва коллеж ўқувчилари бўлган. Улардан 4 минг нафари аввал ҳам жиноят содир этган бўлса, 1,5 минг нафари илгаридан судланган.