«Суд-пуд демасдан, ичидаги одамлари билан бузиб, кўмиб ташлайсан» — Бухоро ҳокими

12.06.2025 21:46 | 3 дақиқада ўқилади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов хусусий боғча ичидаги ноқонуний қурилмаларни суд қарори бўлмасдан бузишни, ҳатто «ичидаги одамлари билан кўмиб юбориш»ни талаб қилган видеоси тарқалмоқда.

Botir zaripov

Видеода ҳоким ҳужжатсиз фаолият юритаётганларни кескин чоралар билан тўхтатишни буюрган.

«Боғча ҳудудига кирганларни ҳаммасини ҳуқуқий ҳужжатларини кўтарасан. [Ҳужжати] йўқларини ҳеч кимни эшитмасдан бузасан, суд-пуд демасдан бузиб ташлайсан. Бугунни ўзида бузиб ташлайсан, нарсалари билан, ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан. Бўлди энди, суд-пуд деб ҳаммасини эркалатганимиз», деган Ботир Зарипов ёнидаги масъулларга.

https://t.me/vaqtuz_rasmiy/33908

Тарқалган контекстда у орқадан эшик очганларга нисбатан ҳам ҳуқуқий чора кўришни буюрган. Шундан сўнг гап оҳангидан шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғига дағдаға қилган.

«Ўртоқ началник, Вилоят ҳокими келяпти, кеча ҳам мен кузатдим, бемалолроқ бўлгансизлар бутунлай шаҳарда. Бугун ҳам бу ерда аҳвол ҳаминқадар. Ё менга қонунчилик, тартиб, интизом, жиноятчиликка омил бўлувчи ҳолатларнинг олдини олинг, бўлмаса сизни бирор тинчроқ туманга жўнатай. Аллақачон топшириқ бердим. Тушундингизми? Ёки ўзгариш қилинг», деган ҳоким ўз хитобида.

Ботир Зарипов масалага лоқайдлик билан қараганларга ҳайфсан эълон қилинишини ҳам айтган.

Бухоро вилоят ҳокимининг суд қарорисиз ноқонуний қурилмаларни бузиш топшириғи ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан Бухоро вилоят ҳокимлиги томонидан расмий муносабат билдирилмаган.