Таксичиликка ҳудудий чеклов: транспорт тизимини ислоҳ қилишми ёхуд иқтисодий инқироз?

12.06.2025 10:40 | 7 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда такси ҳайдовчилари энди фақат ўз вилояти ва унга туташ ҳудудлардагина фаолият юритиши мумкин. Транспорт вазирлигининг ушбу чекловчи тартиби жамиятда катта муҳокамалар ва баҳсларга сабаб бўлди. Бу қарор ҳақиқатан ҳам бозорни шаффофлаштиришга қаратилганми ёки иқтисодий фаол аҳолининг имкониятларини чеклашга хизмат қиладими?

Taksichilik

Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов маълум қилишича, мазкур чеклов янги тартиб эмас, балки 2011 йилдаги 139-сонли қарорга асосланган. Ҳужжатда такси ҳайдовчиларига фақат лицензия карточкасида кўрсатилган ҳудудда фаолият олиб бориш ҳуқуқи берилган эди. Гарчи бу қарор кейинчалик амалда бўлмай қолган бўлса-да, 2025 йилда қабул қилинган янги ҳужжат билан ушбу талаб қайта тикланди.

Қарор 6 трлн сўмлик бозорга зарбами?

Солиқ қўмитаси 2024 йил учун тақдим этган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда такси бозорининг умумий айланмаси 5,89 триллион сўмни ташкил этган. Бунинг 76,3 фоизи нақд, 23,7 фоизи эса карта орқали амалга оширилган. Энг қизиғи шундаки, таксичилик билан 498 мингга яқин ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи шуғулланган.

Бу рақамлар ҳар қандай чекловни жорий қилишда юз минглаб оилалар манфаатлари ҳисобга олиниши зарурлигини кўрсатади. Хусусан, мазкур қарор 2024 йилда 100 миллион сўмдан ортиқ даромад олган 4,7 минг ҳайдовчи, шунингдек 10-50 миллион сўм даромадга эга бўлган 114,6 минг нафар ҳайдовчи фаолиятига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.

Ижтимоий тармоқларда бу ҳолат танқидларга сабаб бўлди. «Bakiroo» тelegram канали муаллифи Отабек Бакиров ушбу қарорга нисбатан шундай фикр билдирилган: «Энди Тошкентда таксичилик қилаётган юз минглаб одамлар машинани сотиб Россияга кетиши, ишсизликка юз тутиши ёки 5,5 млн сўмга Тошкент рақами олиш учун таниш-билишлар орқали машинасини ўтказишига тўғри келади. Бу эса коррупцион схемаларни қайта тиклашга хизмат қилади» (https://t.me/the_bakiroo/10266).

Шунингдек, “Иқтисодчи кундалиги” телеграм канали муаллифи Беҳзод Ҳошимов қарор ҳуқуқий нуқтаи назардан зид деб хисоблади: «Агар фуқаро Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудида меҳнат қилиши тақиқланса, бу Конституциянинг 28-моддасига зид ҳолатдир. Тақиқ иш жойини танлаш, яшаш жойини эркин белгилаш ҳуқуқини бузади (https://t.me/iqtisodchi_kundaligi/3416). Қашқадарёлик Тошкентда ишлай олмаслиги тўғри деб ҳисобланса, унда нега Юнусободлик ҳайдовчи Сергелида ишламаслиги нотўғри деб ҳисобланади? Аҳмоқона эшитилади-а? Бир республика ичидаги чекловлар ҳам худди шундай эшитилади. Улар мантиқсиз».

Бозор иқтисодиётига реал таъсир: ким ютқазади, ким ютади?

Тошкент шаҳридаги такси сафари улуши 51,6 фоизни ташкил этганини ҳисобга олсак, қарорнинг асосий зарбаси айнан пойтахтдаги хизматларга тушиши аён. Бу:
такси нархларининг ошишига,
хизмат кўрсатувчи ҳайдовчилар сонининг камайишига,
ноқонуний ишчи схемалар («ишончнома», «ижара») кўпайишига ва энг муҳими, лицензия тизими орқали янги “рақам бизнеси” ривожланишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Конституциясининг 28-моддасига кўра, ҳар бир фуқаро мамлакат ичида эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга. Қарор орқали муайян ҳудудда ишлаш ҳуқуқининг лицензия орқали чекланиши инсоннинг меҳнат қилиш ҳуқуқини зоҳиран камайтириши мумкин. Шу боис, бу масалада ҳуқуқшунослар, парламент ва жамоатчилик кенгроқ муҳокама юритиши зарур.

Бир қарашда, ҳудудий чекловлар орқали такси тизими тартибга солинаётгандек туюлади. Аммо бу ислоҳот бир қатор хавфларни ҳам юзага чиқармоқда: ишсизлик, даромад манбаи йўқотилиши, ноқонуний фаолият усуллари кўпайиши, ва энг муҳими, конституциявий ҳуқуқлар чекланиши.

Агар мақсад шаффофлик ва транспорт ислоҳоти бўлса, масалага тизимли ва инклюзив ёндашув зарур. Бунинг учун жамоат транспортини ривожлантириш, лицензиялаш жараёнини соддалаштириш ва ҳуқуқий адолатни таъминлаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.