Трамп олдидаги оғир танлов: Эронга қарши уруш бошланадими?

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил Эрон ядро объектларига зарба беришга тайёргарлик кўраётган бир пайтда, АҚШ президенти Доналд Трамп икки оғир йўл ўртасида қолди — уруш хавфи 60 фоиздан 90 фоизгача ошиши мумкин.

Trump iran

АҚШ ва Эрон ўртасидаги вазият янада кескинлашмоқда. Исроил Эрон ядро объектларига зарба беришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги маълумотлар Axios ва The New York Times нашрларида эълон қилинди. Ҳужум учун Фурдў ва Натансдаги ядро иншоотлари нишон қилинаётгани қайд этилмоқда.

Бу маълумотлар АҚШ томонидан Эронга дипломатик босим сифатида тарқатилган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ, АҚШ ҳарбий базаларида тайёргарликнинг ошиши, Ироқ ва Кувайтдан дипломатларни эвакуация қилиш каби ҳолатлар жиддий уруш хавфини тасдиқламоқда.

Агар Исроил ҳужум қилса, Эрон юзлаб баллистик ракеталарни ишга тушириши, прокси гуруҳларни фаоллаштириши мумкин. Бу эса Ливан, Ироқ, Яман ва ҳатто АҚШ кучларининг ҳам можарога тортилиш эҳтимолини кучайтиради.

Шунга қарамай, Доналд Трамп маъмурияти урушни истамайди. У дипломатия ва санкциялар орқали Эронни янги ядро келишувига мажбурлашга уринмоқда. Трамп 15 июнгача музокаралар учун муддат белгилаган ва улар барбод бўлса, оғир оқибатлар билан таҳдид қилган.

Трамп уруш бошлашга қўрқмоқда — чунки АҚШ ҳарбий бюджети чекланган, жамоатчилик Яқин Шарқдаги янги урушга қарши ва 2026 йилда бўладиган оралиқ парламент сайловлари олдидан сиёсий барқарорлик муҳим. Қолаверса, Саудия ва БАА билан имзоланган тинчлик ва ҳамкорлик келишувлари уруш туфайли йўққа чиқиши мумкин.

Шундай экан, Доналд Трамп олдида танлов оғир: Исроилга ёрдам бериш ёки Америка манфаатлари ва глобал иқтисодий барқарорликни устувор деб билиш.