Украина келажаги ёпиқ учрашувда муҳокама қилинади

12.06.2025 22:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Стокҳолмда 12 июндан 15 июнгача Билдерберг гуруҳи ёпиқ анжумани бўлиб ўтади. Унда Украина келажаги, евроатлантик муносабатлар, АҚШ ва Европа иқтисодиёти, мудофаа инновациялари ҳамда миграция масалалари муҳокама қилинади.

Stokholm

Швеция пойтахти Стокҳолмда 12 июн куни бошланган Бильдерберг гуруҳининг навбатдаги йиғилиши жамоатчиликдан ёпиқ ҳолда ўтказилаётгани билан эътибор тортмоқда. «Grand Hotel» меҳмонхонасида ўтаётган анжуман 15 июнгача давом этади ва учрашув давомида матбуот анжуманлари ёки онлайн трансляциялар режалаштирилмаган.

Билдерберг учрашувлари 1954 йилдан бери ҳар йили ташкил қилинадиган хусусий конференция ҳисобланади. Унда Европа ва Шимолий Америка сиёсий элитаси, молия, фан, саноат ва ОАВ вакилларидан иборат 120–150 нафар қатнашчи фақатгина шахсий таклиф асосида қатнашади.

Жорий йилги кун тартибида евроатлантик муносабатлар, Украина келажаги, АҚШ ва Европа иқтисодиёти, Яқин Шарқдаги вазият, мудофаа соҳасидаги инновациялар, сунъий интеллект ҳамда миграция масалалари асосий муҳокама мавзулари сифатида белгиланган.

Анжуманда НАТО бош котиби Марк Рютте, Швеция бош вазири Ульф Кристерссон, Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский, Финландия президенти Александр Стубб, Норвегия молия вазири ва НАТОнинг собиқ бош котиби Йенс Столтенберг ҳамда Германия Бундестаги спикери Юлия Клекнер иштирок этиши кутилмоқда.

Билдерберг гуруҳи анъанасига кўра, йиғилишда олинган маълумотлар фойдаланиш учун рухсат этилган бўлса-да, манба ва аниқ шахслар сир сақланиши шарт ҳисобланади. Бу жиҳат анжуманни янада сирли ва қизиқарли қилади.