Тошкент шаҳрида йўналишсиз такси фаолиятини чеклашга оид жорий этилган тартиб жамоатчиликда кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Унга кўра, ҳайдовчиларга ўз ҳудудлари ва унга туташ ҳудудлардагина такси фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади.
ХДПнинг маълум қилишича, мазкур чеклов Ўзбекистон Конституциясининг 67-моддасида белгиланган иқтисодий макон бирлиги, товар ва хизматлар, меҳнат ресурслари ҳамда молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатини бузади. Шунингдек, давлатнинг инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш мажбуриятига зид келади.
42-моддада эса ҳар бир фуқарога муносиб меҳнат қилиш ва касб танлаш ҳуқуқи кафолатланган. Йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар айнан ушбу ҳуқуқлардан фойдаланмоқда. Улар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида қонун асосида фаолият юритиб, тегишли солиқларни тўлаш орқали қонуний ишлайди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси мазкур чекловни ҳуқуқий асосдан маҳрум ва Конституцияга зид деб ҳисобламоқда. Шу муносабат билан Транспорт вазиридан расмий тушунтириш талаб қилинди ва уни парламент муҳокамасига чақириш таклиф этилди.
Мавжуд вазият нафақат меҳнат эркинлигига, балки тадбиркорлик муҳитига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Чекловнинг ҳуқуқий асоси қайта кўриб чиқилиши талаб этилмоқда.