Биринчидан, Тайван дунёдаги энг йирик чип ишлаб чиқарувчиси саналади. 2024 йилнинг тўртинчи чорагида Taiwan Semiconductor Manufacturing Co. (TSMC) глобал чип бозорининг 67,1 фоизини назорат қилди ва илғор чипларнинг деярли барчасини ишлаб чиқарди. Тайван инфратузилмаси бу соҳа учун ноёб даражада мослашган бўлиб, уни тезда бошқа давлатлар билан алмаштиришнинг имкони йўқ.
Иккинчидан, ҳар қандай ҳарбий ҳаракат Тайван ва Лусон бўғозлари орқали ўтадиган жаҳон савдосини издан чиқариши мумкин. Бу йўналиш орқали ўтадиган товарлар ва хомашё транзити йилига 2,45 трлн долларга етади. Орол портларининг ўзи йилига 500 млрд долларлик айланмага эга. Бу халқаро иқтисодиёт учун сезиларли кўламдаги рақамдир.
Учинчидан, Хитой ўзи ҳам иқтисодий жиҳатдан барқарор ҳолатда эмас. Ички бозорда истеъмол паст, кўчмас мулк бўйича инқироз давом этмоқда, ташқи иқтисодий муносабатларда эса АҚШ билан савдо уруши оқибатлари ҳамон сезилади. Мазкур манзарада янги можаро Хитой иқтисодиётига оғир зарба бериш эҳтимоли юқори.
Шу сабабли таҳлилчилар фикрича, Хитой ҳозирги шароитда Тайванга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётларни бошлашни ўзига эп кўрмайди. Бу нафақат глобал иқтисодий инқирозни келтириб чиқаради, балки Хитой ички сиёсий барқарорлиги учун ҳам катта таҳдид бўлади.