Иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқулов Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ҳақида танқидий фикр билдирди. Унга кўра, сўнгги йилларда хорижий инвесторларнинг мамлакат бозорига қизиқиши пасайган. Бу ҳолатни иқтисодчи бир неча асосий омиллар билан изоҳлади.
Биринчи навбатда, миллий валюта — сўмнинг қадрсизланиши хорижий сармоядорлар учун катта хатар ҳисобланади. Чунки улар даромадини сўмда олиб, кейин уни хорижий валютага айирбошлайди. Валюта қадрсизланса, фойда ҳам сезиларли камаяди.
Иккинчи сабаб сифатида Бобоқулов айрим йирик инвестицион лойиҳаларнинг ўзини оқламаганини таъкидлади. Масалан, Қашқадарёдаги «Uzbekistan GTL» заводи дизел импортини камайтириш ўрнига аксинча, импортни уч баробарга оширган. Ушбу ҳолат келгусидаги инвестициялар учун ноқулай сигнал сифатида хизмат қилмоқда.
Учинчи муаммо — ташқи савдо балансидаги катта тақчиллик. Бобоқулов таъкидлашича, мамлакат ўз миллий захираларини сотиш орқали бу дефицитни қопламоқда, бу эса сўмнинг барқарорлигига таҳдид солади.
Шунингдек, иқтисодчи Ўзбекистоннинг экспорт географияси ҳам муаммоли эканини қайд этди. Экспорт қилинган маҳсулотларнинг асосий қисми олтин ва урандан иборат бўлиб, етказиб бериш асосан Европа эмас, бошқа минтақаларга йўналтирилмоқда.
Бобоқулов фикрича, инвестиция муҳитини яхшилаш учун қатор институционал ислоҳотлар, ишончли валюта сиёсати ва экспортни диверсификация қилиш талаб этилади.