«YandexGo UB» МЧЖга рақобат қонунчилиги бузилиши аломатлари бўйича иш қўзғатилди

12.06.2025 11:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Рақобатни муҳофаза қилиш қўмитаси «Uzum Market» МЧЖ ХК мурожаати буйича «YandexGo UB» МЧЖга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари билан иш қўзғатди. Бу ҳақда Қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

Yandeks

Тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритувчи «Uzum Market» МЧЖ ХК қўмитанинг мурожаатларини қабул қилиш тизимига мурожаат йўллаб, «YandexGo UB» МЧЖ томонидан телевидение ва ижтимоий тармоқларда тарқатилган реклама ролигида инсофсиз рақобат амалга оширилаётгани ва унинг ишчанлик обрўсига путур етказилганини маълум қилган.

Мазкур ҳолатни ўрганиш учун Қўмита махсус комиссия тузди ва натижада «YandexGo UB» МЧЖга нисбатан Қонуннинг 21-моддаси бузилиши аломатлари асосида иш юритуви бошланди. Ушбу моддада рақобатни чеклашга, бошқа иштирокчиларга ноқонуний босим ўтказишга ҳамда обрўсини туширишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Айни пайтда иш бўйича қонуний тартибда тергов ва таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Якуний хулосалар ва зарур чоралар ишни кўриб чиқиш якунларига кўра эълон қилинади.