12 июн куни нефт бозорида кескин ҳаракат кузатилди — Brent навли нефт нархи 5 фоизга ўсиб, бир баррели учун 70,22 доллар даражасига чиқди. Бу АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий музокаралардаги мураккаблик ва Исроилнинг эҳтимолий ҳарбий амалиётлари сабаб юзага келган хавотирлар фонида содир бўлди.
АҚШ президенти Доналд Трамп ядровий келишув борасида шубҳаларини билдириб, «Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак» деган қатъий баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, Яқин Шарқдан фақат заруриятсиз дипломатик ва ҳарбий персонал олиб чиқилади. Ироқ, Кувайт ва Баҳрайндаги элчихоналарда қисман эвакуация бошланган.
Шу билан бирга, CBS News манбалари Исроил Эронга қарши ҳарбий операцияни бошлаш арафасида эканини маълум қилган. The New York Times нашри эса Эрон ҳарбий раҳбарияти жавоб зарбаси режасини ишлаб чиққанини хабар қилмоқда. Эрон мудофаа вазири Азиз Носирзода «АҚШ базалари зарба етиши масофасида» эканини эслатган.
Нефт бозоридаги ушбу ўзгаришларга OPEC+ мамлакатларининг сўнгги ойларда ишлаб чиқариш ҳажмини оширгани ҳам фон яратиб берган. Аммо геосиёсий хавфнинг кучайиши бозордаги техник омилларни иккинчи даражага тушириб, хавотирлар натижасида қисқа муддатли кескин ўсишга олиб келди.
RBC Capital Markets’нинг глобал хомашё стратегияси директори Хелима Крофт АҚШ разведкасидаги собиқ таҳлилчи сифатида бу турдаги эвакуация қарорлари жиддий таҳлиллар асосида қабул қилинишини ва Яқин Шарқдаги вазият хавфли босқичга ўтаётганини таъкидлади.