Германиянинг Bild нашрига кўра, Исроил Эронга қарши авиаҳужум вақтида 200 га яқин F-35, F-16 ва F-15 ҳарбий самолётларидан фойдаланган ва уларнинг ҳеч бири йўқотилмаган. Бу зарбалар Эрон ядро объектлари ҳамда юқори ҳарбий раҳбариятига қаратилган бўлиб, жавоб зарбалари эҳтимолига қарамай, Исроил томони минимал хавф билан операцияни амалга оширган.
Манба маълумотига кўра, Эрон ҳаво мудофаа тизимлари фаол бўлган бўлса-да, фақат битта ҳарбий база уларга қарши отишма бошлаган. Бунинг сабаби сифатида киберхужум ва электрон уруш технологияларининг қўлланилиши келтирилган. Исроиллик ҳарбийлар Эроннинг ҳаво ҳужумидан ҳимя бўлимлари орасидаги алоқани, шунингдек, рациялар, телефонлар ва ҳатто пейжерлар фаолиятини бир неча соатга блоклаган.
Шу боис, Эрон радарлари Исроил самолётларини аниқлаш имкониятига эга бўлмаган ва уларга қарши вақтли жавоб чоралари кўрилмаган. Ҳужум пайтида ҳеч қандай огоҳлантириш хабарлари SMS ёки WhatsApp орқали ҳам берилмаган.
Bild таҳлилчиларига кўра, ушбу омиллар Исроил ҳужумининг самарадорлигига жиддий таъсир кўрсатган ва камида 20 нафар эронлик генералнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган.
ЦАҲАЛ маълумотига кўра, 13 июнга ўтар кечаси бошланган операцияда юзлаб ракета омборлари, «ер-ер» туркумидаги ракеталар учун учириш мажмуалари, ҳамда қўшимча ҳарбий объектлар йўқ қилинган. Улардан бири — Ғарбий Эрондаги ракета қурилмаси — юк контейнерлари ичида яширилган бўлган.
The Wall Street Journal аввалроқ маълум қилишича, мазкур операция тахминан икки ҳафта давом этади, чунки ядровий дастурга етарлича зарар етказиш учун бир марталик зарба камлик қилиши мумкин. Шу боис Исроилнинг ҳужумлари комплекс кўринишга эга — стратегик объектлар, ҳарбий етакчилар ва қурол омборларига бир пайтнинг ўзида зарба берилаётгани айтилмоқда.