Эронда жамоатчилик Исроилнинг 13 июн кунги мисли кўрилмаган ҳарбий ҳаво ҳужумларига жавоб сифатида ҳукуматдан қаттиқ интиқом талаб қилмоқда. Айрим фуқаролар кўчаларга чиқиб норозилик билдирган, бошқалар эса хавф туфайли уйларидан чиқмаяпти.
Ушбу ҳужумлар оқибатида бир неча юқори лавозимдаги ҳарбийлар, етакчи ядро олимлари ҳалок бўлган. Исроил томони мамлакат бўйлаб ҳарбий ва ядро инфратузилмасига аниқ зарбалар берганини маълум қилган.
Теҳронлик пенсиядаги 62 ёшли фуқаро Аҳмад Муадий: «Биз қанчагача қўрқиб яшаймиз? Бизнинг жавобимиз қатъий ва ҳалокатли бўлиши шарт», — деди. Норозилик намойишларида фуқаролар «Исроилга ўлим! Америкага ўлим!» деган шиорлар билан чиқиш қилдилар.
Эрон армияси раҳбарияти ҳам жавоб ҳужумлари «чексиз ва ҳеч қандай вақт билан боғлиқ бўлмаслигини» айтди. Олий раҳбар аятулло Алии Хоманаий Исроилни «оғриқли ва аччиқ оқибат» кутаётгани ҳақида огоҳлантирди.
Эрондаги норозиликлар орасида айримлар халқаро музокараларнинг маънисизлиги ҳақида гапирмоқда. Уларга кўра, ядро дастури бўйича музокаралардан олдин олимлар ўлдирилган бир пайтда тинчлик сўзларига ишониб бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, 13 июн куни Исроил армияси 200 та самолёт иштирокида Эрондаги ўнлаб ҳарбий объектларга ҳужум уюштирган. Уран бойитиш марказлари, ракета заводлари ва ҳарбий қўмондонлар турар жойлари нишонга олинган. Оқибатда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) қўмондони Ҳусейн Саломий, Эрон Бош штаби раҳбари Муҳаммад Боқирий ва бир неча олим ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац бу зарбани «олдиндан огоҳлантирувчи чора» деб атади. Мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, мактаблар ёпилган ва ҳаво макони вақтинча беркитилган.