G7 мамлакатлари Россия нефти нархини 45 долларга туширишга тайёр

08:30 | 4 дақиқада ўқилади.

G7 давлатларининг кўпчилиги Россия нефти учун белгиланган 60 долларлик юқори нарх чегарасини 45 долларга тушириш тарафдори. Бу қарор АҚШ президенти Доналд Трамп норози бўлса ҳам қабул қилиниши мумкин.

Oil tanker

G7га аъзо давлатларнинг катта қисми Россия нефти учун амалдаги 60 долларлик юқори нарх чегарасини 45 долларгача пасайтиришни қўллаб-қувватламоқда. Reuters агентлигининг хабар беришича, ушбу масала 15–17 июн кунлари Канадада бўлиб ўтадиган G7 саммитида асосий муҳокама мавзулари қаторида бўлади.

Эслатиб ўтамиз, нефт нархини чеклаш механизми 2022 йил охирида қабул қилинган эди. Унга кўра, учинчи давлатлар Россия нефтини фақат Ғарб суғурта компаниялари орқали ва белгиланган нархдан юқори бўлмаган ҳолда харид қилишлари мумкин. Бу чора Россиянинг Украинадаги урушни молиялаштириш имкониятини чеклашга қаратилган.

Европа Иттифоқи ва Буюк Британия нархни пасайтириш ташаббуси билан илк бўлиб чиқди. Улар дунёда нефт нархининг тушиши фонида амалдаги чегаранинг самарасизлигига ишора қилмоқда. Reuters манбаларига кўра, Евроиттифоқ ва Британия АҚШ розилигисиз ҳам ҳаракатга тайёр. Канада, Япония ва бошқа Европа давлатлари ҳам бу позицияни қўллаб-қувватламоқда.

Шу билан бирга, АҚШ Молия вазири Скотт Бессент бу йўналишда ўз шубҳаларини билдирган. Аммо АҚШдаги айрим сиёсий доиралар, жумладан сенатор Линдси Грэҳэм, Россияга нисбатан қўшимча санкциялар ва нефт нархи чегарасини пасайтиришни қўллаб-қувватламоқда.

Financial Times маълумотига кўра, ЕИ томонидан санкцияларнинг 18-пакети тайёрланмоқда. Унда нафақат нефт нархини 45 долларга тушириш, балки «Шимолий оқим» газ қувурларидан фойдаланишни тақиқлаш ҳам назарда тутилган. Шунингдек, Россиянинг «хуфиёна флоти»га мансуб кемалар ва бир неча банклар ҳам санкциялар рўйхатига киритилиши мумкин.

Муттахассислар фикрича, АҚШнинг молиявий таъсири катта бўлса-да, Британиянинг денгиз суғуртаси соҳасидаги устунлиги ва Евроиттифоқнинг танкер флотидаги роли қарор қабул қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда.