Ғазодаги оташкесимни қўллаган Ўзбекистон, 30 млрд долларлик битимлар ва кутилаётган жазирама — 13 июн дайжести

21:45 | 5 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Toshkent forum

Ўзбекистон БМТда Ғазодаги оташкесимни қўллаб-қувватлади

13 июн куни БМТ Бош Ассамблеяси Ғазода дарҳол ва доимий оташкесим талаб қилинган резолюцияни қабул қилди — уни 149 давлат, жумладан Ўзбекистон ҳам қўллаб-қувватлади.

АҚШ, Исроил ва яна 10 та давлат қарши чиқди, 19 мамлакат бетараф қолди. Ҳужжат урушда очликдан қурол сифатида фойдаланишни қоралаб, гуманитар ёрдамга тўсиқларни бекор қилиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилишни талаб қилади. Шунингдек, ҲАМАС томонидан ушлаб турилган гаровдагиларни озод қилиш лозимлиги таъкидланган.

 

Вилоятлик киракашларга Тошкентда таксичилик қилиш тақиқланмаган — вазир

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов вилоят ҳайдовчилари учун Тошкентда таксичилик қилиш тақиқланмаганини маълум қилди. Унга кўра, 2 апрелдаги ҳукумат қарори нотўғри талқин қилинган ва бу ҳолат бўйича яқин кунларда расмий тушунтириш берилади.

Вазирлик матбуот хизмати тушунмовчилик учун жавобгарликни ўз бўйнига олди ва қарор мазмунини ўз вақтида тўғри изоҳлай олмаганини тан олди.

 

Тошкент форумида 30,5 млрд долларлик битимлар имзоланди

9–12 июн кунлари ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форуми якунида 30,5 млрд долларлик инвестиция ва савдо битимлари имзоланди. Тадбирда 97 давлатдан 8 мингга яқин иштирокчи қатнашди, 36 та панел сессия ва 500 дан ортиқ B2B/B2G учрашувлар ўтказилди.

Форум доирасида илк бор 12 минг м² майдонда саноат кўргазмаси ташкил этилиб, 100 та маҳаллий компания ўз маҳсулотларини намойиш қилди. Иқтисодиётнинг 10 дан ортиқ соҳаси қамраб олинган форум минтақадаги йирик бизнес воқеалардан бири бўлди.

 

«Боғчани бузиш» видеоси нотўғри талқин қилинди — раддия

Бухоро вилояти ҳокимлиги тарқалган видеода ҳоким Ботир Зарипов томонидан айтилган «бузиб ташла» сўзи хусусий боғчага эмас, давлат боғчаси ҳудудидаги ноқонуний қурилмага қаратилганини маълум қилди.

Ҳоким 22 май куни 2-сонли боғчадаги таъмир ишларини кўздан кечираркан, рухсатсиз қурилган йўлак ва хавфли трансформатор бўйича танқидий фикр билдирган. Нотўғри талқин қилинган сўзлар ортидан жамоатчиликда бўлган тушунмовчиликка раддия берилди. Ноқонуний йўлак бузилган, масъул шахсга интизомий чора кўрилган.

 

Ўзбекистонда ҳарорати 42 даражагача кўтарилиши кутилмоқда

13–15 июн кунлари Ўзбекистонда об-ҳаво кескин исийди. Кундузги ҳарорат республика бўйлаб +36…+38 даражага, шимолий ва чўл ҳудудларда эса +42 даражагача кўтарилиши мумкин.

Об-ҳаво кам булутли бўлиб, ёмғир эҳтимоли паст, фақат айрим тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Мутахассислар иссиқда эҳтиёт бўлиш ва сув етишмаслигидан сақланишни тавсия қилмоқда.