Аввалроқ, Octobank Humans’дан 500 миллиард сўмдан ортиқ қарз ва етказилган зарарни ундириш бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судида даъво аризаси киритгани ҳақида хабар берган эдик. Суд жараёни ҳозирча якунига етмаган бўлса-да, икки томоннинг очиқлик ва шаффофликка муносабати жамоатчилик эътиборини торта бошлади.
Айнан шу суд жараёнида холис кузатувчи сифатида қатнашган таниқли блогер Зафарбек Солижонов ўзининг Telegram-каналида ёзишича, Octobank суд муҳокамасининг очиқ бўлиши ва блогер иштирокидан қўрқмаслигини билдирган. Бироқ Humans вакиллари судни ёпиқ ўтказишни сўраган. Солижонов бу ҳаракатни шаффофлик тамойилига зид деб баҳолади.
«Ҳозир Humans ва Octobank ўртасида суд жараёни кетяпти. Ўтган сафар иқтисодий судда холис кузатувчи сифатида қатнашгандим. Кузатувчи сифатида ўтириб, индамай чиқиб кетгандим. Раислик қилувчи Байзакованинг рухсатини олмаганим учун аввалги суд мажлиси ҳақида батафсил маълумот ҳам ёзмагандим. Бунга ҳожат ҳам йўқ эди. Бунақа вақтда энг яхши иш — суднинг қарорини кутиш.
Бугун ҳам шунақа қилаётгандим. Ишда иштирок этувчилар блогер эканимни билди. Уларга жараён ҳақида тўлиқ пост ёзмаслигим, банк сирига доир маълумотлар бўлса, улар ҳақида умуман маълумот тарқатмаслигимни, бунинг учун жавобгарлик борлигини билишимни айтдим.
Қизиғи, Octobank бунга рози бўлди, шартнома бўйича ҳақ экани, яширадиган ҳеч нарсаси йўқлигини айтди. Бироқ мен шу вақтгача ҳукуматга инвестор ҳуқуқларини таъминланг, иш суд доирасида адолатли ҳал бўлсин дея ёнини олаётганим — Humans компанияси вакиллари судни ёпиқ кўришни сўради. Қизиқ», — дея ёзиб қолдирган у.
Солижоновга кўра, бу ҳаракат компаниянинг ўзига қарши ишлаб кетиши мумкин. Агар кейинчалик Humans «суд адолатсиз ўтди» деб даъво қилса, жамоатчилик бу иддаоларга ишонмаслиги эҳтимоли бор.
«Эртага ʻсуд адолатсиз бўлди, вой-додʼ, дейдиган бўлса, энди ҳеч ким ишонмаса керак. Ўзлариям етарли асос ҳам кўрсатиб беролмаслиги мумкин. Ўзингга ишончинг бўлса, очиқ суд мажлисининг нимасидан қўрқасан? Журналист-блогерларниям миллионлаган мижозларингнинг фамилияси, унинг сирларини битта-битта ошкор қилишга вақтиям, хоҳишиям йўқ. Сен жабр кўрмагин. дегандик. Шубҳалантириб қўйдинг. Шартнома шартлари бўйича ҳақмисан, ноҳақмисан, шу масала қизиқ эди бизга. Кузатамиз», — деган фикр билдирган блогер ўз саҳифасида.