Американинг «Axios» нашри хабар беришича, Исроил томонидан амалга оширилган кенг кўламли ҳарбий зарба саккиз ойдан бери пухта тайёрланган. Операция 2024 йил 1 октябрда Эрон томонидан Исроил ҳудудларига қилинган ракетали ҳужум ортидан бошланган. Шу пайтдан бошлаб Исроил разведкаси Эроннинг ядро қуроли яратишга яқин экани ҳақидаги маълумотлар асосида зарба режасини ишлаб чиққан.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу бевосита операцияни ишлаб чиқиш буйруғини берган. АҚШ бу жараёнда расман бетарафликни сақлаган бўлса-да, «Axios» манбаларининг таъкидлашича, Вашингтон Исроилга амалда яширин «яшил чироқ» ёққан. Бу орқали Эрон раҳбариятига зарба муқаррар эмас, деган тасаввур уйғотилиб, асосий шахсларни эвакуация қилмасликка ундалган.
Операцияда дронлар орқали мамлакат ичидаги баллистик ракеталар ва ҳаво мудофаа тизимларини ишдан чиқариш мақсад қилинган. Диверсион ҳаракатлар ҳаводан бериладиган зарбалардек муҳим бўлган.
Исроил операцияси «Қўзғалган шер» деб номланиб, «Ҳизбуллоҳ»га қарши ўтказилган машҳур «пейжер ҳужуми»дан ҳам кўламлироқ дейилаяпти. «Reuters» маълумотларига кўра, Эрон ҳарбий раҳбарияти 20 нафардан ортиқ юқори лавозимли офицерини йўқотган. Улар орасида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) бош қўмондони Ҳуссайн Саломий, Бош штаб раҳбари Маҳмуд Боқирий ва ИИМКнинг ҳарбий-космик қўмондони Али Ҳожизода ҳам бор.
Идоралараро алоқаларнинг издан чиққани Эроннинг заиф ҳарбий жавоби ва Исроилга қарши ракета ҳужумлари ҳозирча амалга оширилмаётгани билан изоҳланмоқда. Шу билан бирга, Эрон томони Натанздаги асосий ядро мажмуаси жиддий шикастланмаганини билдирмоқда. Аммо ушбу объектга қайта-қайта зарбалар берилаётгани айтилмоқда.