Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида ИИМК қўмондони ва икки ядрочи олим ҳалок бўлди

12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил томонидан Эрон ҳудудига амалга оширилган кенг кўламли ҳаво ҳужумлари натижасида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) бош қўмондони, юқори даражали ҳарбийлар ҳамда икки ядрочи олим ҳалок бўлди. Эрон расмийлари бу тажовузга қатъий жавоб қайтарилишини маълум қилди.

Halok bo'lgan

Эрон давлат агентлиги IRNA хабарига кўра, 13 июнга ўтар кечаси соат 03:00 да Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эроннинг бир нечта стратегик объектларига ҳаво зарбалари берди. Зарбалар натижасида IIҚҚ бош қўмондони Ҳусайн Салами, Эрон ҚК қўмондони ўринбосари генерал Ғуломий Рашид, физик олим Муҳаммад Меҳдий Теҳрончи ва Атом энергияси ташкилоти раҳбари Фарейдун Аббосий Давноий ҳалок бўлди.

Бундан ташқари, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Эрон ҚК бош штаби раҳбари Муҳаммад Багерий ҳам ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Теҳроннинг ўзида ҳужум пайтида камида ўн нафар тинч аҳоли вафот этгани айтилмоқда.

Зарбаларнинг асосий нишонлари – уранни бойитиш корхоналари (Натанз ва Фордо), ракета базалари (Кирмоншоҳ ва Хуррамобод), шунингдек Теҳрон, Исфаҳон, Табрез каби йирик шаҳарлар ва Қумдаги диний марказлар бўлган. Исроил бу ҳаракатни Эроннинг ядровий имкониятлари ортишига нисбатан огоҳлантириш деб атади.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Эроннинг 9 та атом бомбаси учун етарли уран тўплаганини ва 3 йил ичида 10 мингта баллистик ракета ишлаб чиқаришни режалаштираётганини таъкидлади.

Эрон ҳарбийлари эса тез орада жавоб зарбалари берилишини маълум қилди. Генерал Абулфазл Шекарчининг сўзларига кўра, «сионистик режим ва АҚШ бунга жавобан қаттиқ тўлов тўлайди».

Исроилда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, таълим муассасалари ёпилган, ҳаво ҳудуди беркитилган. Эрон ҳам ўз ҳаво ҳудудини ёпган. АҚШ Давлат департаменти Яқин Шарқдаги фуқароларини эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.