IT-парк ўзини BBC орқали реклама қилишга 6 млрд сўм ажратди

19:00 | 2 дақиқада ўқилади.

IT-парк ўз фаолиятини халқаро майдонда ёритиш мақсадида Британиянинг BBC телеканали орқали реклама қилишга қарийб 6 миллиард сўм маблағ ажратди. Роликлар ва мини-фильм Европада 150 марта эфирга узатилади.

It park

2025 йил июн ойида IT-парк Британияда рўйхатдан ўтган Dars Consulting (UK) Ltd компанияси билан тўғридан-тўғри шартнома тузди. Ҳужжатга кўра, 470 145 доллар (тахминан 6 миллиард сўм) миқдорида маблағ BBC орқали пиар ишларига йўналтирилади.

Ушбу шартнома доирасида BBC Globalнинг Ўзбекистондаги расмий тижорий ҳамкори IT-парк фаолиятига бағишланган 2 та 30 сониялик ролик ва 1 та 90 сониялик мини-филм тайёрлаш ҳамда телеканал орқали эфирга узатиш мажбуриятини олади.

Ролик ва филмлар BBCнинг Европа бўйлаб намойиш этиладиган каналида жами 6 ҳафта давомида 150 марта эфирга узатилиши кўзда тутилган. Бу орқали IT-парк ўз фаолиятини халқаро жамоатчиликка кенгроқ танитишга умид қилмоқда.

Айни пайтда ушбу маблағ ва пиар лойиҳаси жамоатчилик орасида турлича баҳоланмоқда. Айрим кузатувчилар ушбу сарф-харажатлар самарадорлиги юзасидан савол қўймоқда, бошқалар эса бундай халқаро кўрсатувлар мамлакат IT соҳасининг имижини оширишга хизмат қилиши мумкинлигини таъкидламоқда.