Нетаняҳу Трамп ва Путин билан мулоқотга тайёрланмоқда

21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Трамп, Путин ва Британия етакчиси билан музокаралар ўтказиши кутилмоқда. Бу орада Эронда яна портлашлар қайд этилди, Теҳрон эса АҚШ билан музокараларни тўхтатди.

Netanyahu22

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу 13 июн куни АҚШ президенти Доналд Трамп, Россия президенти Владимир Путин ва Буюк Британия Лейбористлар партияси етакчиси Кир Стармер билан телефон орқали музокаралар ўтказиши маълум қилинди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.

Нетаняҳу бунгача Германия, Франция ва Ҳиндистон етакчилари билан мулоқот ўтказган. Канцелярия хабарига кўра, ушбу давлатлар Исроилнинг ҳаракатларини «тушуниш билан» қабул қилган.

Шу билан бирга, Эрондаги давлат ОАВ мамлакатнинг ғарбидаги авиабаза яқинида янги портлашлар юз бергани ҳақида хабар тарқатди. Эрон ҳозирча расман бу ҳақда изоҳ бергани йўқ.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса ўзининг Truth Social саҳифасида Исроилнинг «Қўзғалаётган шер» операциясидан аввалдан хабардор бўлганини тасдиқлади. Бироқ у бу операцияда Америка ҳарбийлари иштирок этмаганини алоҳида таъкидлади.

Трамп Теҳронни ядро дастури бўйича музокараларга чақирди ва рад жавоби берилса, янада қатъийро зарбалар бўлиши ҳақида огоҳлантирди. «Энди етарлича ўлим ва вайроналар бўлди. Аммо қирғинни тўхтатиш учун ҳали кеч эмас», — деди у.

Исроил расмийларига кўра, кечаги ҳаво зарбалари пайтида 200 та самолёт 100 та ҳарбий ва ядровий мақсадни нишонга олган. Улар орасида ҳаво мудофаа тизимлари ва уран бойитиш марказлари ҳам бор. Исроил томони Натанздаги асосий ядро мажмуаси жиддий шикастланганини маълум қилган.

Ҳужумлар фонида Эрон расмийлари АҚШ билан Уммонда ўтказилиши режалаштирилган музокараларни бекор қилди. Ушбу музокаралар якшанба куни бўлиши керак эди.