Ноқонуний долларфурушлар 8 йилгача қамоқ жазосига маҳкум бўлади

18:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда валюта қимматликларини ноқонуний тарзда сотиш ёки сотиб олиш билан шуғулланадиган шахслар аввал маъмурий жавобгарликка, кейин эса жиноий жавобгарликка тортилади. Энди бундай ҳаракатларни қайта содир этганлар 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Bank dollar

Олий суд Пленумининг 2015 йил 13 ноябрдаги 18-сонли ва 2016 йил 29 июлдаги 13-сонли қарорларига мувофиқ, валюта қимматликларини ноқонуний тарзда олиш ёки ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар жиддий равишда назоратга олинган. Ушбу қарорлар асосида кўчада доллар майдаловчи шахслар аввал маъмурий жавобгарликка тортилади: 15 суткага қамоқ ёки 7 млн 500 минг сўмгача жарима жазоси белгиланган.

Бироқ, шундай ҳуқуқбузарликни қайта содир этган шахслар учун жазо анча оғирлашади. Қонунга мувофиқ, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддасига асосан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Шунингдек, валюта майдалашда фойдаланилган ёки олинган пул маблағлари давлат фойдасига мусодара қилинади.

Мутасадди органлар таъкидлашича, ноқонуний валюта операциялари фақат иқтисодий эмас, балки ҳуқуқий ва молиявий хавфларни ҳам келтириб чиқаради.

Ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, «мен фақат майдалатдим» деган баҳона жазодан озод қилмайди. Ҳар қандай ноқонуний валюта айланмаси фуқарони жавобгарликка тортиши мумкин.