Ўзбекистон Франциянинг Natixis банки билан самолёт ва поездлар паркини янгилайди

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Транспорт вазирлиги ва француз банки Natixis авиация ҳамда темирйўл тизимини модернизация қилиш мақсадида ҳамкорлик қилиш ниятида. Яқин йилларда янги самолёт ва поездлар сотиб олиниши кутилмоқда.

Natixis

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ва Франциянинг етакчи корпоратив-инвестиция банки Natixis раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Томонлар мамлакатнинг авиация ва темирйўл соҳасини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашувда Natixis бош ижрочи директори Муҳаммад Каллала ва Марказий Осиё бўйича операцион директор Александр Захарченко иштирок этди. Асосий эътибор транспорт паркларини янгилаш — хусусан, замонавий самолётлар ва поездларни харид қилиш масаласига қаратилди. Ушбу лойиҳаларни молиялаштиришда Natixis банкининг имкониятлари ўрганилмоқда.

Шунингдек, Qanot Sharq ва Silk Avia авиакомпаниялари фаолияти, уларнинг келгусидаги ривожланиш режалари тақдим этилди. Темирйўл инфратузилмасини модернизация қилиш, хусусан, юқори тезликдаги ва шаҳар атрофи қатновлари учун поездлар жорий этиш лойиҳалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун, Natixis — 2006 йилда ташкил этилган ва ҳозирда Франциянинг BPCE молиявий гуруҳи таркибига кирадиган етакчи банклардан бири ҳисобланади. У инвестиция ва тижорат соҳаларида кенг хизмат турларини таклиф этади.

Ўзбекистон томони ушбу ҳамкорликни транспорт соҳасини тубдан янгилаш ва замонавий стандартларга мослаштириш учун муҳим қадам сифатида кўрмоқда.