Ўзбекистон ва 148 давлат БМТда Ғазода оташкесимни талаб қилди

15:00 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил 13 июн куни БМТ Бош Ассамблеяси сектор Ғазода дарҳол, шартсиз ва доимий оташкесим жорий этилишини талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатни 149 давлат қўллаб-қувватлади, 12 та давлат қарши чиқди, 19 та мамлакат бетараф қолди. Ўзбекистон ҳам резолюцияни қўллаб-қувватлаганлар қаторида бўлди.

Bmt

Қарши чиққанлар орасида АҚШ, Исроил, Венгрия, Аргентина ва Парагвай каби давлатлар бор. Бетараф қолганлар қаторида Гуржистон, Ҳиндистон, Румыния ва Эквадор қайд этилди.

Резолюция 20 дан ортиқ давлат томонидан таклиф этилган бўлиб, у урушда очликдан қурол сифатида фойдаланишни кескин қоралайди, гуманитар ёрдам етказишдаги чекловларни бекор қилишни талаб қилади ва тинч аҳолини халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлайди.

Ҳужжатда шунингдек, ҲАМАС ва бошқа гуруҳлар томонидан ушлаб турилган барча гаровдагиларни озод этиш талаб қилинган.

Бу овоз бериш АҚШ томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашида шунга ўхшаш ташаббусни рад этганидан бир неча кун ўтиб амалга ошди. Шу боис, Бош Ассамблеядаги қарор халқаро ҳамжамиятнинг Ғазодаги тинчликка бўлган талаби сифатида баҳоланмоқда.