Ўзбекистон ва Полша инклюзив таълимда ҳамкорликни кенгайтиради

14:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ва Полша ўртасида инклюзив таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашувда болалар учун кенг имкониятлар яратиш, педагоглар тайёрлаш ва ота-оналарни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Polsha

2025 йил 12 июн куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида Полша таълим вазири Барбара Новацкая бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Томонлар инклюзив таълим соҳасида тажриба алмашиш, ногиронлиги бўлган болалар учун қулай шароитлар яратиш ва таълим тизимида рақамли ечимлардан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқишди.

Полша томони ўз мамлакатининг индивидуал ёндашув, UNICEF билан ҳамкорлик ва рақамли технологияларни жорий этиш борасидаги ютуқларини тақдим этди. Улар икки давлатни бирлаштирувчи умумий вазифалар мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув якунида Ўзбекистон мутахассисларининг Полшага ўқув ташрифларини ташкил этиш, педагог ва ассистентларни тайёрлашда тажриба алмашиш, шунингдек инклюзив таълим ҳамда касбга йўналтириш бўйича ечимларни ўрганиш масалаларида ҳамкорлик қилишга келишилди.

Икки давлат мутахассислари бу соҳадаги мулоқотни давом эттириш ва ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ниятида эканликларини маълум қилишди.